2018-07-31 16:02:37

МИРЗАЧЎЛГА ПОЕЗД ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Жиззах–Мирзачўл–Жиззах йўналишида шаҳарлараро поезди қатнови йўлга қўйилди. Масофанинг умумий узунлиги 80 километрдан иборат бўлиб, поезд Жиззах вокзали ва Иржар станцияси оралиғида ҳаракатланади, деб хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ телеграм канали.

Ҳаракат вақти 2 соату 10 дақиқани ташкил этади. Поезд вилоятнинг Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини ўзаро боғлаб, ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун кўплаб қулайликларни тақдим этади.

 Қатнов жадвали ушбу йўналишда истиқомат қилувчи аҳолининг талаб ва истакларини ўрганиб чиқиб тузилди. Поезд йўналиш бўйича кунига бир маротаба қатъий жадвал асосида амалга оширилади. Яъни, тонги соат 6:00 да Мирзачўлдан йўлга чиқиб, соат 8:10 да Жиззах вокзалига кириб келади. Кечки соат 19:00 ортга қайтиб, 21:10 да Иржар станциясига кириб боради. Поезд бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Чипта нархи атиги 3 минг 500 сўм. Бу йўналишлар аро қатнаётган автомобилларга нисбатан 3 баробар арзон демакдир.

“Туркистон-пресс”