2018-07-31 16:53:02

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ДП ФРАКЦИЯСИ МУҲИМ МАСАЛАЛАРНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

30 июль куни Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Миллий тикланишдемократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарган йиғилишда дастлаб Президентимизнинг 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланди.

Таъкидланганидек, миллий урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда инсон тафаккурининг бойишида миллий кинонинг ўрни беқиёсдир. Ушбу қарорда кино соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатлардан бири, давлат-хусусий шерикчилиги асосида туризм ва кино соҳасини ўзаро уйғунликда ривожлантириш мақсадида сайёҳлик йўналишларига яқин ҳудудларда «Учта шаҳар», «Халқ дипломатияси шаҳри», «Этношаҳар» ҳамда «Киношаҳар» мажмуалари барпо этилади.

Шу билан бирга йиғилишда Президентимизнинг 27 июлда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва ундаги фракция аъзолари олдида турган вазифалари ҳақида фракция аъзоси А.Пардаев ахборот берди.

Қайд этилганидек, мазкур Фармон билан 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларнинг мазкур Фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича ҳисобланган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди. Фақат бундай имконият тегишли тадбиркорлик субъектлари ва давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмоғи талаб этилади. Уларга тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам берилади.

Шунингдек, ушбу Фармонда белгиланган муддатда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар электрон рўйхатга олиш, рўйхатга олинмаган тақдирда ноқонуний деб ҳисоблаш, ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини назорат қилувчи органлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби зарурий вазифалар белгилангани таъкидланди, шунингдек «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси киритилганда ЎзМТДП фракциясиаъзолари аниқ таклифлар тақдим этиш лозимлиги қайд этилди.

Президентимизнинг юқоридаги фармони ҳамда қарорларининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришга келишиб олинди.

Шундан сўнг, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни Жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилди.

Фракция йиғилишида таъкидланганидек, қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди. Ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгиланди. Илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилди.

Қайд этилганидек, соҳада олиб борилаётган ишларга қарамасдан ҳали-ҳануз ўғрилик, фирибгарлик, босқинчилик, ёшлар ва аёллар ўртасидаги жиноятчиликлар тўхтамаяпти. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳам кўпайиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан фракция аъзолари томонидан ички ишлар ходимларининг муомала маданияти, улар ўртасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб тургани муҳокама этилди. Шахсий таркибда тарбиявий ишларни кучайтириш, кадрларни ротация қилиш, ички ишлар органларининг таҳлилий-ҳуқуқий ва прогнозлаш фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимизнинг жорий йил 19 июндаги қарорига асосан «Хавфсиз пойтахт» концепцияси жорий этилгани, унга кўра, Тошкент шаҳрида секторлар кесимида 73 та ички ишлар бўлими ташкил этилиб, аҳолига янада яқинлаштирилгани, шунингдек,ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ва жамоатчилик вакиллари иштирокида туну кун 3 сменада иш юритиш йўлга қўйилгани айтиб ўтилди ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан Тошкентда бошланган мазкур амалиётни йил охиригача бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш таклифи билдирилгани таъкидланди.

Йиғилишда фракция аъзолари қабул қилинган қарорлар устидан парламент ҳамда депутатлик назорати ўрнатишга келишиб олишди.

 

Дониёрбек ЭРКИНЖОНОВ,

«Миллий тикланиш» демократик партияси

 фракцияси ижрочи котиби