2018-08-01 18:20:00

ШИДДАТИНГГА ҲАВАСИМ БОР, ШОИРА!

Миллий спорт  турлари орасида белбоғли кураш ҳам борки, унинг афзаллик томонлари мазкур спорт тури билан ўғил болалар ва қизлар  5-6 ёшларидан шуғулланишни бошлашлари мумкин. Бундай кичик ёшдан спортга ошно болалар машғулотларга зўр бериши натижасида истеъдоди ва иқтидори шаклланиб, улғайгани сари  мусобақаларда натижалари ижобий тус олиши бор гап. Қарабсизки, кўксидаги медаллар шодаси ҳам кўпайиб боради. Халқаро спорт майдонларида она-Ватан шаънини улуғлашдек орзу-истаклар пайдо бўлаверади.   

“Бўларман бола бошидан” деганларидек,  биз  ҳикоя қилмоқчи бўлган  Шоира Қаландарова  ҳам  ҳали жажжигина гўдак пайтида митти кўнглига спортга ошнолик пайдо бўлади.  2001 йилда Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги Қаландардурман қишлоғида  туғилган саҳифамиз қаҳрамони   ҳали мактаб остонасига қадам қўйиб-қўймасдан спортга меҳри ўйғонди.  Бу меҳр уни олти, етти ёшли пайтидаёқ қишлоғидаги умумий ўрта таълим мактаби қошида ташкил этилган белбоғли кураш тўгараги томон етаклайди.  Дастлаб отаси Ғайрат ака Олимов кўмагида машғулотларга қатнай бошлаган ёш Шоиранинг  туғма истеъдодни бир кўришда англаган маҳоратли мураббий, бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ва совриндори, биринчи устози Гулёр Раҳмонова  уни дарров ўз ёнига олади.  Шоира қишлоғидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синфида ўқишига қарамасдан дарсдан бўш бўлди, дегунича спорт зали томон талпинарди.

 Тўғри, у ҳам бошқа тенгдош дугоналари  қатори мактабдан келибоқ вақтини қизалоқлар ўйнайдиган ўйинлар билан овора қилса бўларди. Йўқ, ундай бўлмади. Биз юқорида таъкидлаганимиздек, бўлармон бола эканда, ўз олдига қатъий мақсад қўйди. Иродасининг суст бўлишига йўл қўймади. Сабр-матонатни мустаҳкамлашни, қатъиятли бўлиш сирларини спорт орқали топди.  Белбоғли кураш   сирларини мукаммал ўрганишга киришган қизалоқ секин-аста кучли спортчи қизлар қаторидан жой олишга муваффақ бўлди. Энди у митти орзулари рўёбини кўраётган эди. Тўғри-да, унинг ҳам орзулари бир олам. Истакларни амалга ошаётганидан, айниқса, ота-онасининг хурандчилигини чеки йўқ эди. Чунки, отаси ҳам бир пайтлар курашга ошнолиги, кураш бўйича бир қатор совринларга эга бўлгани, лекин бугунгидай шароит ва эътиборнинг йўқлиги мақсадларини саробга айлантирган эди. 

Шоиранинг айтишича, аслида уни спортга етаклаган восита бу — белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони, Бутунжаҳон талабалар универсиадасида белбоғли кураш бўйича учинчи ўрин соҳибаси, қишлоқдоши Замира Аҳмедова бўларкан. Демоқчи бўлганимиз, у  телевизорда Замира ва бошқа ўзбек қизларининг халқаро спорт майдонлардаги беллашувларни кузатиб, уларнинг хатти-ҳаракатлари, ажойиб тарздаги  чиқишларини кўриб, кузатиб боради ва улардек бўлишга ўзича мурғак қалбига жойлайди. Қолаверса, ота-онаси Ғайрат ака ва Муҳаббат опаларнинг оилада соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилишишлари,  яъни таълим-тарбия, спорт орқали  муваффақиятларга  эришиш энг тўғри йўл бўлишини яхши англашади. Шоиранинг белбоғли кураш билан шуғулланганига  бир йил ҳам тўлмасдан, аввал туман ва шаҳар беллашувларида, кейин вилоят  миқёсидаги биринчиликларида иштирок этиб, кучли учликка кўтарилиши бардошли эканидан дарак эди.

2015 йилдан Янгибозор туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги белбоғли кураш секциясида таниқли мураббий, халқаро тоифадиги ҳакам Бекберган Болтаев қўл остида машғулотларга зўр берган қаҳрамонимиз энди мамлакат миқёсидаги беллашувларда  ўз истеъдодини номоён эта бошлади. Унинг тезлиги юқорилиги, усулларга шиддат билан билан кириши ҳар сафар шоҳсупа сари етаклаб борарди. Спорт мактабида белбоғли кураш бўйича  талабчан ва жонкуяр мураббий Бекберган Болтаев устозлигида машғулотларда иштирок этаётган Шоира жисмоний тарбия ва спорт  туфайли тобланишга улгургани боис  мураббийларнинг  кўрсатмаси осон туйилар, белбоғли курашдаги ҳар қандай усулни тез ва чиройли ҳаракатлар билан уддалашга қодир эди. Спортчи қиздаги  белбоғли курашга бўлган кучли қизиқишни  сезган устоз Бекберган  ака уни катта спорт сари етаклашга бел боғлади. Энди белбоғли кураш бўйича  Ўзбекистон чемпионат ва кубокларида ўзини  кўрсатиши, мураббийи ва ота-онаси ишончини оқлаши, истеъдодини номоён этиш қолган эди. Буниям уддалашга муваффақ бўлмоқда. Биласизми, ҳақиқатни тан олиб айтишимиз керак, ўғлимиз ёки қизимиз спорт билан шуғулланиб, биргина туман миқёсидаги мусобақада кўксига ярқираган медаль билан уйга кириб келса, қайси ота-она қувонмайди, дейсиз. Шу ўринда унинг яқин уч, тўрт йил  давомида белбоғли кураш бўйича қўлга киритган  натижаларига эътибор беринг.

2015 йил Бухоро вилоятида ёшлар ўртасида ўтган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўрин. 2015 йил Хоразм вилоятида ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳсларида 57 кг. вазн тоифасида учинчи ўрин. 2016 йил Наманган вилоятида ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида 57 кг.да иккинчи ўрин. 2017 йил Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 63 кг.да иккинчи ўрин. 2017 йил Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 63 кг.да иккинчи ўрин. 2018 йил Олмалиқ шаҳрида катталар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 63 кг.да биринчи ўрин. 2018 йил Андижон шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон кубоги беллашувларида иккинчи ўрин. 2018 йил Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган Гран-при турнирда 63 кг.да биринчи ўринни эгаллаган.   

Кетма-кет натижалар ижобий бўлгани сабаб, 2016 йилда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг ҳакамлар ҳайъати томонидан миллий терма жамоа аъзолигига қабул қилинди.  Дарвоқе, Шоиранинг ўқишлари ҳам аъло даражада. Ҳозирда Янгибозор Педагогика ва спорт коллежнинг учинчи босқич ўқувчиси бўлган полвон қизимиз жисмоний тарбия ва спортда эришаётган ютуқлари, тиришқоқлиги, серҳаракатлилиги, устозлари томонидан берилган вазифаларни тўлиқ бажариши  орқали тенгдошларидан ажралиб туришини коллеждаги ўқитувчилар доим фахр билан тилга олади. Оилада  кенжа фарзанд бўлган Шоиранинг  бўш пайтида бадиий китоблар ўқиши, онасига кўмакчи бўлиб, уй ишларини саранжом-саришта қилиб, тикиш-бичишни  қойиллатиши ҳам бор гап. Белбоғли курашнинг мураккаб усулларини зўр иштиёқ билан ўрганишни давом этаётган Шоира Қаландарованинг  орзулари бир олам.  Осиё ва жаҳон чемпионатларида белбоғли кураш  бўйича дунёни лол қолдирган  опалари сингари бўлиб, фақат биринчи ўринни эгаллаш ва Ўзбекистон байроғини жаҳон спорт айвонлари узра баланд ҳилпирашини, мадҳиямиз садоларини замин бўйлаб янграшини эшитиш бош мақсади ҳисобланади. Шунингдек, унинг яна бир орзуси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси бўлиб, келажакда Ватан ҳимоячисидек шарафли касб эгаси бўлишдан иборат. 

Ана, у яна мамлакат чемпион ва совриндорлари бўлган  Уллижон Давлетова, Муниса Раҳимова, Бегойим Раҳимбоева, Моҳинур Раҳмонова, Каромат Давлатова сингари янгибозорлик дугоналари билан белбоғли кураш машғулотлари томон ошиқишмоқда. Бугун устози Бекберган ака белбоғли курашдаги энг нозик ва мукаммал усулларни уларга ошкор қилмоқчи. Агар ушбу дугоналар белбоғли курашнинг навбатдаги сир-асрорларини  ҳам ўрганиб олса, эрта бир кун келиб халқаро ареналарда  рақибларига қарши қўллайди ва ғолиблар қаторидан жой олганда ота-онасидан, жонажон юртидан мамнун эканлигини яширмай, қўлини кўксига, юрагининг устига қўйиб, мадҳиямизни баланд овозда куйлади. Бошқачасига бўлиши мумкин ҳам эмас.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”