2018-08-03 12:54:17

ҚИБРАЙ ТУМАНИ ВА ОЛМАЛИҚ ШАҲРИГА ЯНГИ ҲОКИМ ТАЙИНЛАНДИ

Мираъзам Мирқосимов Қибрай туманига, Ўктамжон Каримов Олмалиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар берди.

27 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видео-селектор йиғилишида Қибрай тумани ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман прокурори, туман ИИБ раҳбари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ва «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими раҳбарини лавозимдан озод этишга кўрсатма берганди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент вилояти Қибрай туманига 2009 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ниғмат Исроилович Муҳамедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Қибрай туманига Олмалиқ шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётган Мирқосимов Мираъзам Мирозодович 2018 йил 31 июлдан Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими этиб тайинланган.

Шунингдек, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиснинг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Каримов Ўктамжон Дехқонович 2018 йил 31 июлдан Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.