2018-08-03 13:02:54

ПАСТДАРҒОМ ВА ТОЙЛОҚ ТУМАНЛАРИДА ҲОКИМ ЎЗГАРДИ

1 август куни халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этган сессияда  ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

2017 йил февраль ойидан буён Пастдарғом тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Эргашев Собиржон Файзуллаевич ўз аризасига кўра туман ҳокими вазифасидан озод этилди.

Шу пайтгача Тойлоқ тумани ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган Саъдуллаев Баҳодир Сафиюллаевич Пастдарғом тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Б.Саъдуллаев 2017 йил август ойида Тойлоқ тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

1 август куни Тойлоқ тумани Кенгашининг ҳам навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.Исмоилов ва вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Баходир Сафиюллаевич Саъдуллаев Пастдарғом тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани муносабати билан Тойлоқ тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

2014 йил сентябрь ойидан буён «Агробанк» Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Бобоназаров Баҳодир Қодирович Тойлоқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”