2018-08-03 17:43:54

ЕТТБ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЁНИЛҒИ-ЭНЕРГЕТИКА ТАРМОҒИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛМОҚЧИ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Алишер Султанов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакраборти билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” Матбуот хизмати хабар берди.

ЕТТБ раисининг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистонда кенг қамровли ўзгаришлар олиб борилмоқда, жумладан, ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда.

Жаноб Чакрабортининг сўзларига қараганда, мамлакатимизга ташриф банкнинг Ўзбекистонда олиб бораётган фаолияти бўйича янги ўрта муддатли стратегия ишлаб чиқишига замин яратади. Ундан мақсад, Ўзбекистонга ЕТТБнинг янги инвестицияларини жалб қилиш ва асосий ислоҳотларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлашдир.

ЕТТБ президенти Ўзбекистон Республикасида газ узатиш тизимини техник қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича Дастурни моливий қўллаб-қувватлашга катта қизиқиш билан қараётгани ҳақида алоҳида айтиб ўтди. Томонлар келишувига кўра, ЕТТБ яқин вақт ичида Дастур бажарилиши, жумладан, молиялаштиришнинг дастлабки миқдори ва индикатив шартлар юзасидан ўз таклифларини тақдим этади.

Луиза МАҲМУДОВА,

“Туркистон-пресс”