2018-08-03 17:50:47

ТАЛАБАЛАРИМИЗ ХАЛҚАРО МАТЕМАТИКА ОЛИМПИАДАСИДА ИККИТАДАН ОЛТИН ВА БРОНЗА МЕДАЛЛАРИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Жорий йилнинг 22-28июль кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида талабалар ўртасидаги анъанавий 25-халқаро математика олимпиадаси (International Mathematics Competitionfor University Students) бўлиб ўтди. Мазкур халқаро олимпиадада мамлакатимиздан 4 нафар талаба иштирок этди.

Дунёнинг нуфузли 100га яқин олий ўқув юртларидан ташриф буюрган351 нафар талаба иштирок этган Халқаро олимпиадада ҳамюртларимиз 2 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритишди. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 4-босқич талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар олтин медаллар (1-даражали диплом), Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети механик-муҳандислик факультети 3-босқич талабаси Фаррух Муҳаммадиев ва Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 1-босқич талабаси Толибжон Исмоиловлар эса бронза медаллар (3-даражали диплом) билан тақдирланди.

Талабалар ўртасидаги энг нуфузли халқаро математика олимпиадаси ҳисобланган ушбу мусобақа 1994 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Олимпиадада қатнашчиларга икки кун давомида Алгебра (чизиқли ва абстракт), Анализ (ҳақиқий ва комплекс), Геометрия ва Комбинаторика соҳаларидан масалалар берилади ва улардан ечимларини инглиз тилида тақдим этишлари талаб этилади. Олимпиададан сўнг қатнашчиларнинг ёзма ишлари жамоа раҳбари томонидан ҳимоя қилинади ва баллар тўпланади.

“Туркистон-пресс”