2018-08-03 17:56:55

“ЎЗБЕКНЕФТГАЗ”АЖ ЛОЙИҲАЛАРИ ЯПОНИЯЛИК ИНВЕСТОРЛАР ҚИЗИҚИШИНИ УЙҒОТМОҚДА

2018 йилнинг 1 август куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Б.Сидиков раислиги остида “Ўзбекнефтгаз”да Япония-Ўзбекистон Ипак йўли Жамғармасининг ташқи савдо, инвестициялар ва инфраструктура бўйича ишчи гуруҳи раиси, Marubeni Corporation компанияси маслаҳатчиси, жаноб Мамору Секияма бошчилигидаги Япония делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” Матбуот хизмати хабар берди.

Япония делегация таркибини кунчиқар давлатнинг бир қатор компаниялари вакиллари, жумладан, Toyo Engineering Corporation, Marubeni Corporation, Kawasaki Heavy Industries, Solid Corporation, Sakai Heavy Industries, ва бошқалар ташкил этди.

Учрашув давомида томонлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Япония компаниялари Toyo Engineering Corporation ва Marubeni Corporation билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши ва Шўртан газ кимё мажмуасининг қурилиши каби лойиҳалар бўйича кўп йиллик ва муваффақиятли ҳамкорлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар. 

Ўзбекистон томони мамлакатимиз заводлари фойдаланаётган япон жиҳозларининг юқори сифатига эътибор қаратди. Айниқса, “Синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси доирасида қўлланилаётган асосий технологик жиҳоз — Хитачи компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган Фишер-Тропш реакторларидир.

Ўз ўрнида Япония томони “Ўзбекнефтгаз” АЖ инвестицион лойиҳаларида иштирок этишга катта қизиқиш билан қараётганларини ҳамда газ-кимё мажмуаларини жиҳозлар билан таъминлашга тайёр эканликларини айтиб ўтдилар.

Муҳокамалар якунида томонлар нефт ва газ саноати доирасида  ҳамкорлик йўналишларини ўрганишга келишиб олдилар.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”