2018-08-06 13:35:34

«ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ЖАМОАСИГА

Қадрли дўстлар!

Ҳурматли  темирйўлчилар!

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тизимида меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчилари, соҳа фахрийларини, самарали меҳнати билан мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни Темирйўлчилар куни байрами билан самимий табриклаб, сизларга ўзимнинг эзгу тилакларимни ва чуқур ҳурматимни изҳор этаман.

Ўз касбига садоқатли ва фидойи сизлар каби  минглаб юртдошларимизнинг сидқидилдан қилаётган меҳнати, билим ва тажрибаси туфайли темир йўл тармоғи ходимлари эл-юртимиз ўртасида ҳақли равишда обрў-эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз темир йўл тизими мустақил давлатимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ўтган чорак аср давомида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида тармоқни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ташкил этилган кундан буён юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайгани, темир йўллар орқали 1,5 миллиард тонна юк ташилиб, 370 миллион нафар йўловчи ўз манзилига етказилгани сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли амалга оширилган ишлар салмоғи нақадар катта эканининг яққол тасдиғидир.

Бугунги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва тармоқлар сингари, темир йўл тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали манзилларига етказилаётганини инобатга оладиган бўлсак, ушбу соҳа иқтисодиётимиз ривожида қандай муҳим ва катта мавқени эгаллаб турганини янада чуқурроқ ҳис қиламиз.

Тизимдаги саноат корхоналари давр талабига мос технологиялар билан жиҳозланиб, уларда замонавий йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётган транспорт машинасозлиги соҳасида ҳам темирйўлчиларимиз ўзининг муносиб ўрнини топганидан далолат беради.

Жумладан, биргина «Қуюв-механика заводи» корхонасида ҳаракатланадиган таркибни таъмирлаш базасини ривожлантириш, вагонсозликни ташкил этиш ва қуюв корхонасини реконструкция қилишга қаратилган катта кўламдаги лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида янги юк вагонлари, кўп тоннали контейнерлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ва юк вагонларини капитал таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини янада жадаллаштириш имконияти яратилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгаллади. Бу борада амалга оширилган катта кўламдаги ишларнинг барчаси иқтисодиётимизда юксак натижаларни қўлга киритишга асос бўлмоқда. Темирйўлчиларимиз томонидан истиқлол йилларида 1500 километрдан ортиқ янги темир йўлларнинг барпо этилгани, 1800 километрлик темир йўл линияларининг электрлаштирилгани мамлакатимизни модернизация қилишда улкан қадам бўлди.

Энг асосийси, бу ўзгаришлар халқимиз ҳаётида ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай ишларимиз бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳозирги вақтда Тошкент метрополитенининг «Сергели – Олмазор», «Дўстлик – Роҳат – Қўйлиқ бозори» йўналишларида Марказий Осиёда ягона бўлган ер усти ҳалқа метро линияларини қуриш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилаётганидан жамоатчилигимиз яхши хабардор.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Бу борада янги темир йўлларнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимиз ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва бошқа хомашёга бой конларни комплекс ўзлаштириш, энг муҳими, минг-минглаб юртдошларимизни иш билан таъминлаш имконини бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Испаниянинг «Тальго» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган юқори тезликда ҳаракатланадиган «Аfrosiyob» электропоездлари пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга қатнамоқда. Бу электропоездлар қисқа муддатда халқимиз ва хорижий меҳмонларнинг эътибори ва ишончини қозонди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан транспорт соҳасидаги хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида ҳаракатланадиган таркибни замонавий, юқори самарали локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлаш ва модернизация қилиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган 16 та янги темир йўл вокзали қурилди, 10 та вокзал қайта қурилди ва деярли барча станциялар халқаро сифат стандартлари талаблари даражасидаги юқори технологиялар билан жиҳозланди.

Темир йўл транспорти коммуникациялари ва инфратузилмани ривожлантириш учун 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди, шундан 2,6 миллиард доллари хорижий инвестициялардир.

Темирйўлчиларимиз яна бир йўналиш - кўмир саноатини техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш, кон ишларининг самарадорлигини ошириш, ресурсларни тежайдиган янги, прогрессив технологияларни жорий этиш, аҳолига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ишларида ҳам ўзларининг юқори салоҳиятини намоён этмоқдалар.

Сизларнинг фидокорона меҳнат қилиб, узоғимизни яқин қиладиган равон йўллар, Тошкент шаҳрида ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ўнлаб замонавий кўприклар қуриб, Ватанимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшаётганингиз алоҳида таҳсинга сазовор.

Шунингдек, темир йўл соҳаси ишчи-ходимларининг «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ижтимоий соҳада, хусусан, табиий шароити, иқлими оғир ҳудудларга тоза ичимлик суви етказиб бериш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, халқимиз фаровонлигини ошириш, арзон уй-жойлар, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт масканларини барпо этиш йўлида олиб бораётган эзгу ишларини мамнуният билан таъкидлашни истардим.

Ўзбекистон темирйўл тармоғининг келажаги, аввало, соҳага замонавий билимга эга, илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, ўз касбига содиқ, Ватанимизга фарзандлик меҳри билан яшайдиган ёш мутахассис ва ишчиларни кенг жалб этиш билан бевосита боғлиқдир.

Юртимиздаги 3 та темир йўл касб-ҳунар коллежи, академик лицей ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтини ҳар йили 3 мингдан зиёд ёш мутахассислар тамомлаб, ҳаётга йўлланма олаётгани мамлакатимиз темирйўл транспортининг келгуси тараққиёти учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Айни вақтда сизларнинг олдингизда юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, бой минерал-хом ашё ресурсларини комплекс ўзлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, тармоқ корхоналари учун мутахассислар тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган талабини қондиришга йўналтирилган инвестициявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш каби муҳим ва устувор вазифалар турибди.

Ишонаманки, 87 минг нафардан ортиқ юқори малакали, ўз касбига садоқатли, фидойи ва илғор темирйўлчилар жамоаси бу вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратларини сафарбар этиб, зиммаларидаги бурчларини шараф билан адо этадилар.

Ҳурматли темир йўл транспорти ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти