2018-08-07 14:12:33

ТОЖИКИСТОН САНОАТИ ВАКИЛЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНИШ УЧУН КЕЛДИ

2018 йил 6 август куни Тожикистоннинг тўқимачилик саноати вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга бир ҳафталик танишув сафарини бошлади. Бундан кўзланган мақсад — Тожикистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати етакчиларини юртимизнинг мазкур соҳасида тўпланган бой тажрибаси билан яқиндан таништириш ҳамда томонлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборатдир.

Делегация таркибидан йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж фабрикалари,консалтинг компаниялари, Савдо-саноат палатаси, Хусусий секторни ривожлантириш кенгаши, шунингдек, олий ўқув юртлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари ўрин олган.

— Биз Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифалар очилганидан хурсандмиз, — дейди Швейцария Ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Халқаро савдо марказининг Тожикистондаги дастури миллий менежери Саидмўмин Камолов. — Бу бизга қўшниларимизнинг тажрибаларини ўрганиш имконини берди. Ташриф дастурига Ўзбекистон тикувчилик ва тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари билан яқиндан танишиш кўзда тутилган. Аминманки, мазкур ташриф Тожикистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати вакиллари учун мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашда янги ғояларни илгари суришга, шунингдек, янги бизнес-алоқаларни йўлга қўйишга ёрдам беради.

“Халқ сўзи” онлайн хабарига кўра, ташриф давомида тўридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма корхоналар очиш, ҳамкорлик Меморандумини имзолаш бўйича музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

 “Туркистон-пресс”