2013-10-07 18:35:00

ЭРТАГА ТОШКЕНТДА ХАЛҚАРО САЙЁҲЛИК ЯРМАРКАСИ ИШ БОШЛАЙДИ

Пойтахтимиздаги “Миран Интернейшнл” меҳмонхонасида жорий 8-10 октябрь кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида туризм” XIX Тошкент халқаро туризм ярмаркаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Мазкур ярмарка “Ўзбектуризм” миллий агентлиги ва унинг қошидаги “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги давлат унитар корхонаси  томонидан ташкил этилмоқда.

Анжуманда бугунги кунда Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида туризм индустрияси ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, ўтган давр ичида Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлик ҳамжамиятлари вакиллари орасида ҳам кенг шуҳрат қозонгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЯ) миллий туристик имкониятларни кенг тарғиб қилиш, янги шериклар билан алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш бўйича долзарб муаммоларни биргаликда ечишга қулай шароит яратмоқда.

Туризм жаҳон иқтисодиётининг энг даромадли ва жадал ривожланаётган тармоқларидан бири бўлиб, Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, XXI аср остонасидаёқ барча даромад келтирувчи соҳаларни ортда қолдириб биринчи ўринга чиқиб олди. Халқаро туризм бозорида олинадиган даромад ҳозирда кунига 1 триллион АҚШ долларни ташкил этмоқда.

— Навбатдаги Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида Ўзбекистон туризм индустриясини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган ташкилотлар, корхоналар, меҳмонхона ва ресторанлар, республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган иштирокчилар ўз кўргазмаларини намойиш қилишади, — деди “Ўзбектуризм” МК матбуот хизмати раҳбари Жамила Мирзааҳмедова. — Ярмарка доирасида мамлакатимизнинг турли вилоятлари сайёҳлик имкониятлари, ўзига хос анъаналари ва удумларини акс эттирувчи стендлар ҳавола этилади.

Ярмарканинг муҳим воқеалари сифатида биринчи куни “Иқтисодиётни модернизациялаштириш шароитида туризм инфраструктурасини ривожлантириш ва экотуризмнинг аҳамиятини ошириш йўллари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади. Бу анжуман “Ўзбектуризм” миллий компанияси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилади. Ярмарканинг иккинчи куни эса Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти ва “Ўзбектуризм” МК ва унинг ўқув маркази ҳамкорлигида ташкиллаштирилган таълим соҳасидаги туризм ҳамда туризм воситасидаги таълим янгиликларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда жаҳон андозаларига мос келадиган туризм таълимини Ўзбекистон шароитига татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилади. Шу билан бирга мамлакатимизда туризм соҳасига янги йўналишларнинг жорий этилишига бағишланган тақдимотлар ҳам ташкил этилади. Бу йўналишларга альпинизм, овчилик, балиқчилик каби экотуризм турлари, шунингдек, бу йил илк бора тақдим этиладиган геотуризм йўналиши киради. Ярмарка меҳмонларига, шунингдек, Ўзбекистон ва юртимиздаги турли миллий маданият марказлари томонидан тайёрланган фольклор гуруҳлари концертлари намойиш этилади. Булардан ташқари, ярмарка дастурлари доирасида турли давра суҳбатлари, анжуман, тақдимотлар ва брифинглар ўтказилади. Ўйлаймизки, мазкур ярмарка мамлакатимиз туризм индустриясини янада ривожлантириш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзэкспомарказ” павильонларида, Халқаро бизнес марказида ва Атриум мажмуида уч кун давом этадиган ярмаркада Хоразм давлат қўғирчоқ театри, Тошкент вилоятидаги янги тоғ пансионати, янги “Афсона” туристик поезди, Республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигитомонидан ташкил этиладиган тақдимот маросимлари бўлиб ўтади.

Сайёҳлик ярмаркаси якунларига кўра, “Энг яхши туристик йўналиш”, “Энг яхши туристик компания”, “Энг яхши туристик имкониятлар”. “Энг яхши кўргазма стенди”, “Ўзбекистон ҳудудлари ичида энг яхши тақдимот”, “Энг яхши ҳудуд стенди”, “Энг яхши меҳмонхона тақдимоти” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари топширилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашига қараганда, нуфузли анжуманлардаги бундай тақдирлаш маросимлари соҳа ходимларининг фаоллиги ва касбга бўлган меҳрини оширишга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида ярмарка ташкилотчилари ОАВ вакилларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб беришди ва бўлажак тадбирнинг муваффақиятли ўтишига ишонч билдиришди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”