2018-08-07 14:18:32

НАВОИЙЛИК ЙЎЛСОЗЛАРНИНГ ИХТИРОСИ

Жорий йилнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги ижодкор ва яратувчан соҳа ходимлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Навоий вилояти йўлсозлари иннавацион ғоялар асосида тежамкор,ноорганик боғловчи  материаллар асосида янги  йўл ихтиро қилишди. Ҳозирда навоийлик йўлсозлар томонидан амалиётга татбиқ этилган бу инновацион лойиҳанинг аҳамиятли тарафи шундаки, унинг  асосини ташкил этувчи материаллар арзон ва нотансиқ эканидир. Қум, оҳак, майда тош, цемент ва минерал кукундан иборат ашёлар асосида бунёд этилган мазкур янгича йўл қурилишида  оддий асфальт йўлдан юз метр масофада бир миллион сўм, бир километрда эса ўн миллион сўмлик маблағ тежаш имкони бўлар экан. Яна бир аҳамиятли жиҳати, оддий асфальт йўлини таъмирлаш муддати 15 йил бўлса,нооорганик материаллар билан қурилган йўлнинг таъмирлаш муддати 20 йилни ташкил этади. Кашфиёт эгаларининг маълум қилишича, бу ғоя амалиётга татбиқ этилиши билан ҳозирда асфальт битуми тансиқлиги билан боғлиқ  долзарб муаммо бартараф этилиши баробарида, миллионлаб маблағлар иқтисод қилинади.

Янгича йўлнинг шу ва бошқа қулай  томонлари ҳақида сўраганимизда Навоий вилоят минтақавий йўлларга буюртма хизмати давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Валижон Ўринов: ”Амалга оширган ушбу кашфиётимиз орқали республикамиздаги  кўплаб қишлоқларнинг ички йўлларини равон қилиб таъмирлаш билан бирга ҳеч қайси маҳсулот четдан олиб келинмайди. Қурилиш асосини  арзон, маҳаллий ва нотансиқ  ашёлар ташкил этади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун бизга маблағ зарур бўляпти,” — деб таъкидлади. Яна бир аҳамиятлиси,  ихтиро муаллифларининг маълум қилишича,  агар шу ғоя асосида қишлоқ ички йўллари таъмирланса, ёғингарчилик туфайли асфальт  йўлларида учрайдиган носозликлар, емирилишлар  бартараф этилар экан. Аксинча, ёмғир ва намгарчилик бу  йўлларга ижобий таъсир кўрсатар экан. Соҳа ходимлари бу борада вилоятдаги кўпроқ ички йўлларни таъмирлаш ниятидалар. Аммо  бунинг учун уларга  маблағ, тегишли идоралар рухсати талаб этилади. Ўйлаймизки, юзлаб қишлоқлар ободлигига  қаратилган бу инновацион лойиҳа, мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланиб, тез кунларга амалиётга кенг татбиқ этила бошлайди. 

Шуҳрат Нормуродов,

“Туркистон-пресс”