2018-08-07 14:52:47

АҚШ КОРПОРАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН НЕФТ ВА ГАЗ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШГА ШАЙ

2018 йилнинг 6 август куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ биносида Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари — “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси А. С. Султоновнинг дунёга машҳур Halliburton компаниясининг Шарқий яримшар бўйича президенти жаноб Жо Рейни билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Малумот учун:Halliburton АҚШ трансмиллий корпорацияси бўлиб, дунёнинг нефт ва газ қазиб олиш соҳасида хизмат кўрсатувчи йирик компаниялардан биридир.

Halliburton компанияси президентининг таъкидлашича, у Ўзбекистон Республикасида рўй бераётган ўзгаришлар, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб келмоқда.

Жаноб Рейнинг сўзларига кўра, компания йиллар давомида мамлакатимиз бозорига киришга ҳаракат қилган, бироқ доим бирор сабаб бўлиб режалар амалга ошмаган, лекин ҳозирги кунда компания Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришларинг бир бўлагига айланишига умидвор эканлигини айтиб ўтди. 

Учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама этдилар ва унга кўра қуйидаги келишувларга эришдилар:

  • Halliburton компанияси Ўзбекистонда доимий офисини очади;
  • Паст рентабелли қудуқлардан суюқ углеводородларни қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш давом эттирилади;
  • Қўшма ишчи гуруҳ ташқи бозорлардаги лойиҳаларда қўшма иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқади.

Учрашув якунида  жаноб Рейни Halliburton компанияси мамлакатимиз билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини ва шу мақсадда компаниясининг илғор мутахассисларини “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан яқин ҳамкорликка жалб қилиш режада эканлигини таъкидлади.

“Туркистон-пресс”