2018-08-07 15:56:15

ОИЛАДА ЗУЛМГА ЙЎЛ ЙЎҚ

— Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 2 июлда  қабул қилинган   «Ижтимоий  реаблитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида  оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан жисмоний, ахлоқий ёки  мулкий   зарар етказиш натижасида  содир этилган  ҳуқуқбузарликлар  туфайли жабр кўрган  шахсларга кўмаклашиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасидаги энг муҳим масалалар  белгилаб берилган, — дейди Жомбой туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси     Ҳафиза Ўсарова.

— Ушбу қарор  2017-2021 йилларда  Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган  вазифаларни бажаришда, хусусан, хотин-қизларга нисбатан қийноққа солиш, зулм ўтказиш ва бошқача тарзда шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини таҳқирловчи ҳолатларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дея сўзида давом этди. Ҳ.Ўсарова. —  Хотин-қизлар  қўмитаси тизимида  узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаяпман. Руҳий жиҳатдан тушкунликка тушган , хатто ўз жонига қасд  қилиш даражасига келиб қолган  хотин-қизлар билан неча бор мулоқотда бўлишга тўғри келди.  Бундай пайтда муаммоларни ҳал этиш, аёлни мана шундай  кучли  инқироз  ҳолатидан чиқариш, уни оиласига  қайтариш учун  ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ижтимоий-моддий  ёрдам ниҳоятда зарур.

Ўтган йили  бизга мурожаат қилган, жуда оғир вазиятга тушиб қолган М.исмли аёлни  кучли руҳий   инқироз ҳолатидан  жуда қийинчилик  билан олиб чиқдик. Вилоят марказидан  кучли психологларни жалб этдик, уларнинг ёрдами билан аёлни ҳаётга қайтардик. Бу борада хақиқатдан хам бизга жуда кўпчилик ёрдам беришди.    

Муммоларни  ҳал этишда ҳамкор  ташкилотларнинг, шу жумладан, тиббиёт ходимлари, психологларнинг, ҳуқуқшуносларнинг ёрдамидан фойдаландик.  Ўша аёлни  ҳаётга қайтара олдик, бандлигини таъминлаш учун тикув цехига жойлаштирдик, уй-жойи бўйича муоммоларини  ҳал этиш учун  туман ҳокимига таклиф  билан чиқдик.

2008 йилда  қаровсиз аҳволга келиб қолган, халқ таълими тасарруфида бўлган бинонинг тўртта хонасини туман ҳокимининг қарори билан хотин-қизлар қўмитаси балансига олдик.  Уни ҳомийлик асосида таъмирлаб, тадбиркор С. Ҳамроевани жалб этган ҳолда тикув цехи ташкил этдик. Битта хонасида психолог, ҳуқуқшунос учун жой ажратдик. Ҳафтада икки кун мутахассисларни  жамоатчилик асосида жалб этиш йўлга қўйилди. Шу йўл билан инқироз ҳолатидаги  хотин-қизлар учун «Оилаларни ижтимоий ҳимоялаш маркази» ташкил этган эдик.

Бугунги Президентимиз томонидан қабул  қилинган ушбу  қарор эса  хотин-қизлар  қўмиталарининг муаммоларини хал  этишга қаратилган.  Бу қарор аввало ҳар қандай низоли вазиятлар, шу жумладан,  оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини бартараф этишга, ўз жонига қасд  қилиш  кайфиятини қўзғатадиган  омилларни аниқлаш ҳамда ўрганиш, уларни бартараф этиш чораларини кўришга хизмат қилади. Оилада зўрлик  ишлатишнинг  ҳар қандай кўринишига, биринчи навбатда,  яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини бартараф этишга, шу жумладан,  жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий  аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлашга имкон яратади.

Ҳар бир шаҳар ва туманларда кўп йиллардан буён фойдаланмасдан  турган  бинолар  мавжуд. Ушбу бинолар  хотин-қизлар қўмиталари  балансига ўтказилиб, барча шароитларга эга ижтимоий  реаблитация қилиш  ва мослаштириш  марказларига айлантирилса мақсадга мувофиқ бўларди.  Бу қарорнинг 9-бандида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда қўл келади, албатта.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”