2018-08-07 16:00:31

БАЛИҚ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲАЖМИ ИККИ БАРОБАРГА ОШДИ

Бугунга келиб ер юзида озиқ-овқат маҳсулотлари  етишмаслиги, кўпгина халқларини ташвишга солаётган бир шароитда, шукрки, юртимиз аҳолиси тўқ ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, аграр соҳани, шу жумладан, чорвачиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда қабул қилинаётган дастурларнинг амалга  оширилиши натижасида янги хўжалик юритувчи субъектлар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайиб, қўшимча иш ўринлари яратилаётир.

Навоий вилоятида   2018 йилда  чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик  бўйича янги лойиҳалар ташкил қилиш орқали, жами 153 минг  тонна гўшт маҳсулотлари ва 460 минг  тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда, шунингдек, паррандачилик бўйича белгиланган қўшимча лойиҳалар ишга тушиши билан жами  296 миллион дона тухум  ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Шу билан, балиқчилик хўжаликларини сунъий сув ҳавзаларида ташкил этиш бўйича 23 та янги  лойиҳалар орқали жами 20 минг тонна балиқ ишлаб чиқариш белгилаб олинган бўлса,  асаларичилик бўйича 27 та лойиҳалар ташкил этиш орқали  950 тонна  асал маҳсулоти ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Албатта, аграр соҳанинг етакчи тармоқлари истиқболи учун   амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар, пировардида, бозорларда чорва маҳсулотлари сут, гўшт, тухум, балиқ, асал, товуқ гўшти  сероблигини ва арзонлигини таъминланиб, аҳоли дастурхонига файз-барака киритиш билан бирга иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилиши аниқ.

Шуҳрат Нормуродов,

“Туркистон-пресс”