2018-08-07 16:15:51

АҚШЛИК ИНВЕСТОР “ЎЗБЕКНЕФТГАЗ” АЖГА ЎЗ ТЕХНОЛОГИЯСИНИ ТАҚДИМ ЭТИШГА ТАЙЁР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ АҚШнинг Honeywell UOP компанияси билан МТО ва Separex технологияларини қўллаш бўйича келишувга эришди.  “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг май ойида АҚШга қилган расмий ташрифи доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича АҚШнинг қатор компаниялари билан келишувларга эришилган эди ва Honeywell UOP компанияси улар қаторидан жой эгаллади.

Хусусан, Honeywell UOP компанияси билан 3,2 миллиард АҚШ доллари қийматига эга лойиҳани амалга ошириш бўйича масалани ўрганиш кўзда тутилган. Унга кўра, МТО (метанолдан олефинга) технологиясини қўллаш орқали табиий газдан метанолни, метанолдан олефинни ҳамда олефиндан бошқа маҳсулот олиш бўйича ишлаб чиқариш комплекси ташкил этилади.

Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш натижаларига кўра, МТО технологияси лицензия эгаси бўлмиш Honeywell UOP компанияси билан кейинги ҳамкорлик шакллари муҳокама қилинади. 

Honeywell UOP компаниясининг Separex технологияси “Ўзбекнефтгаз” АЖ газни қайта ишлаш корхоналари учун жуда муҳимдир.

Маълумки, Separex мембранавий тизимлар табиий газ таркибидан сув ва кислотали газни чиқариб ташлаш учун ишлатилади. Тизимлар бурма қилиб ўрнатилган мембранали элементларга эга блокли асосда етказилади. Компания мутахассисларнинг таъкидлашича, Separex мембранавий тизимларнинг эритувчи моддаларда ишлайдиган оддий процессорлардан фарқ қилувчи афзалликлари шундаки, қайта ишланаётган табиий газ сифати анча юқори ҳамда капитал ва эксплуатацион харажатлар анча паст.

Ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, Honeywell UOP компанияси Separex газ ажратувчи блокнинг тажриба-саноат синовини “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналаридан бирида ўтказади.

Ижобий натижа олинган ҳолда, ушбу технологияни республикадаги бошқа газ қайта ишлаш корхоналарида жорий этиш масаласи кўриб чиқилади.

Қўшимча қилиш зарур, Ўзбекистон бой углеводород заҳираларига эга. Марказий Осиёдаги барча минерал заҳираларнинг учдан бир қисми мамлакатимиз ҳудудида жойлашган. Газ қазиб чиқариш бўйича эса Ўзбекистон дунёнинг дастлабки йигирматалигидан ўрин олган. 

Мустақиллик йилларида нефт ва газ соҳасига киритилган инвестициялар ҳажми 35 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлиб, уларнинг 57 % тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлардир.

Ҳозирги кунда нефт ва газ соҳасидаги устувор мақсадлардан бири — углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва ундан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш, экспорт қилиш миқёсини кенгайтириш ва инвестицияларни жалб қилишдир.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”