2018-08-07 16:20:19

САМАРҚАНДДА ЯНГИ ҚЎШМА КОРХОНА

Самарқанддаги “Aziya Metall Prof” МЧЖ негизида лойиҳа қиймати  44,2 миллион АҚШ доллари бўлган металлни қайта ишлаб, руҳ ва полимер билан қопланган тунука, труба профиль, сендвич панел, енгил конструкция маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси ташкил қилинди. Мазкур  МЧЖ ва Хитойнинг Urumqi Tongyale International Trade CO. Ltd  компанияси ушбу лойиҳа асосчилари бўлишди.

— Келажакда Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик саноат корхонасига айланадиган мазкур  иншоот лойиҳасининг қисқа муддатда амалга оширилиши режалаштирилган, — дейди “Aziya Metall Prof” МЧЖ бош иқтисодчиси Рустам Шаропов.— Янги корхона қурилиши шу йилнинг бошида бошланган эди. Йилнинг сўнгги чорагида унинг биринчи босқичи фойдаланишга топширилади. Бунинг учун АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 20 миллион АҚШ доллари  миқдоридаги кредит маблағлари ва 18,6 миллион АҚШ доллари  ҳажмдаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Шунингдек, 5,6 миллион АҚШ долларига тенг ўз маблағларимизни  ҳам сарфлаяпмиз. Ушбу маблағнинг 31,85 миллион АҚШ доллари Хитойдан замонавий ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш учун, 5,6 миллион АҚШ доллари қурилиш-монтаж ишлари учун, 6,75 миллион АҚШ доллари айланма капитални шакллантиришга йўналтирилади.

 Бўлажак корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ҳақида “Aziya Metall Prof” МЧЖ  бош муҳандиси Шодмонхон  Атовуллаев шундай дейди:

—  Бу ерда йилига 60 минг тонна руҳ билан қопланган тунука маҳсулотлари, шунча миқдорда полимер билан қопланган тунука маҳсулотлари ва яна шунча тонна труба профиль маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона қувватининг йилига 1 миллион квадрат метр сендвич панел маҳсулотлари ҳамда 5 минг тонна енгил конструкция маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Самарқанд шаҳрининг жанубида, Дарғом канали бўйида барпо этилаётган бу йирик саноат корхонаси маҳсулотларининг камида 35 фоизи экспорт қилинади. Биринчи босқич ишлари якуни бўйича 450 та янги иш ўрни яратилади. Айни пайтда  «Turon Building Manufacture» масъулияти чекланган жамияти  бунёдкорлари  қурилиш-монтаж ишларини жадал олиб боришаяпти.  Қурилиш майдонидан узоқ бўлмаган жойда қурувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ётоқхона, ошхона ишлаб турибди. Ювиниш, дам олиш,маданий ҳордиқ чиқариш учун ҳам етарли шароитлар мавжуд.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”