2018-08-08 13:24:35

“Адолатли қайнона” кўрик-танловида энг муносиблар тақдирланади

Истиқлол йилларида юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг дастур ва мақсадларини амалиётга тадбиқ этишда жамиятимизда фаолият кўрсатаётган фаол хотин-қизларни рағбатлантириш ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган бир қатор кўрик-танловларни ўтказиб келмоқда.

Ана шундай кўрик-танловлардан бири ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган савияси, сиёсий онги етук бўлган, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган партиянинг “Адолатли қайнона” кўрик-танловидир. Жорий йилнинг июнь-август ойларида кўрик-танловнинг маҳаллалараро, туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичлари ўтказилди. 15 август куни Тошкент шаҳрида мазкур кўрик-танловнинг республика босқичи ўтказилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ушбу кўрик-танловга қизиққан, жамиятимизда фаол бўлган хотин-қизларни, катта ҳаётий тажрибага эга республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган “Адолатли қайнона”ларни қўллаб-қувватловчиларни кўрик-танловнинг республика босқичига таклиф этади.

Тадбир Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси 16-уйда жойлашган Ўзбекистон Миллий матбуот маркази катта мажлислар залида жорий йилнинг 15 август куни соат 10:00 да бошланади.

“Туркистон-пресс”