2018-08-08 13:31:57

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ГУРУҲЛАРИ ҚЎШРАБОТГА КЕЛДИ

Самарқанд вилояти ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини ўрганиш, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш ва уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик назорати гуруҳлари 6 августдан Қўшработ туманида ўрганиш ишларини бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Маълум қилинишича, жамоатчилик назорати гуруҳларининг ўрганиш якунлари вилоят ва туман мутасаддилари иштирокида муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлиги, тегишли вилоят ташкилотларига топшириқлар берилади ҳамда ижроси доимий назоратга олинади.

Вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ушбу Қўшработ туманининг иқтисодий имкониятлари кам, табиий шарт-шароити ҳам оғирроқ. Шу сабабли бу ерда аҳолини ўйлантираётган масалалар кўп бўлиши табиий.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат гуруҳлар тумандаги 39 маҳаллага чиқиб, уйма-уй юришни бошлади. Жамоатчилик назорат гуруҳлари ишини вилоят ҳокимининг икки ўринбосари мувофиқлаштириб бормоқда.

Ўрганиш натижалари мутасаддилар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланади.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”