2018-08-08 13:47:55

МАДУРОГА НЕГА СУИҚАСД УЮШТИРИЛДИ?

Венесуэла Президенти Николас Мадурога суиқасд уюштирганликда гумон қилинган 6 киши қўлга олинди, дея  хабар беради «Sabah.com.tr» сайти.

Жаҳондаги энг йирик нефть захираларига эга бўлган Венесуэла АҚШнинг иқтисодий санкциялари туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган бир пайтда мамлакат раҳбарига суиқасд уюштирилиши ҳаммани ташвишга солди.

Мамлакат хавфсизлик кучлари меҳмонхоналар, машиналарни таъқиб қилиб, 6 нафар шубҳали кишини қўлга олди.

Ички ишлар вазири Нестор Реверол қўлга олинган 6 кишидан икки нафари аввал ҳам суиқасд уюштиришда қатнашганини маълум қилди.

Полиция ходимлари Мадурога суиқасд уюштирилган жой атрофидаги меҳмонхоналарга бостириб кириб, у ерда портловчи моддалар жойлаштирилган битта «C-4» русумли дронни қўлга киритган. 

Эслатиб ўтамиз, шанба куни Мадуро нутқ сўзлаётган минбар томонга портловчи модда ўрнатилган бир нечта дрон йўналтирилди. Хабарларга кўра, суиқасд вақтида етти киши жароҳатланган.

Мадуро суиқасд уюштиришда мухолифат ва Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантосни айблади. Колумбия ТИВ воқеага алоқадорлигини рад этди.