2018-08-08 13:56:10

МАМЛАКАТИМИЗДА ТЕСТ СИНОВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бугун, 8 август куни  тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган Республикадаги барча вилоятлар олий таълим муассасаларида тест синовлари давом этмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Тест синовлари материаллари махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда тест синовларидан 1 кун аввал 7 август куни тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинога етказилди.

Шу кунларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кузатилмоқда, шунинг учун абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар ташкил қилинди ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб орилмоқда. Бино ичидаги ҳаво ҳарорати бир меъёрда ушлаб турилибди.

Абитуриентлар учун ичимлик суви ҳамда барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилди.

Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда назоратчилар томонидан назорат янада кучайтирилди.

Олиб борилган ишлар натижасида тест синовларининг шаффоф ва адолатлилиги таъминланиб, абитуриентлар ва ота-оналарнинг тест синовларини ўтказишга нисбатан норозиликлари олди олинмоқда.

Бугунги тест синовлари барча олий таълим муассасаларида бир вақтда 8:00 дан бошланди. Тест синовларида 13 та олий таълим муассасаларининг 23 та таълим йўналишида 29 минг 207 нафар абитуриент иштирок этмоқда.

Тезкор маълумотларга кўра 895 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 48 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Фото: “Газета.uz