2018-08-10 14:32:31

ДЕПУТАТ МОЛИЯ ВАЗИРИГА СЎРОВНОМА ЮБОРДИ

Бугунги кунда таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларининг жамиятимиздаги мавқеини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳам партия аъзолари сонининг 44 фоизини ташкил этувчи ушбу соҳа вакилларини манфаатларини қўллаб қувватлашниўзининг устувор вазифаси деб билади.

Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳар ҳафта“Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида уйма-уй юриб, фуқаролар билан яккама-якка учрашувларда кўтарилган масалалар умумлаштирилганда ҳам ўқитувчи ва шифокорлар томонидан кўтарилган масалалар ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатмоқда.

Хусусан, тиббиёт ва мактабгача таълим муассасаларини ўрганиш давомида ходимларнинг ўз маблағлари ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтишдаги харажатлар уларнинг оила бюджетига ортиқча харажат эканлиги таъкидланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддасига асосан эса, ходимларни дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни иш берувчи ташкил этиш шарт эканлиги ва тиббий кўриклардан ўтиш жараёнида ходимларнинг чиқимдор бўлмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли (Адлия вазирлигида 2012 йил 29 августда 2387-рақам билан рўйхатга олинган) буйруғи билан тасдиқланган “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 4-бандига мувофиқ иш берувчи мазкур Низомнинг 1, 2 ва 3-иловаларида келтирилган рўйхатларда назарда тутилган ишлардаги ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
1998 йил 10 ноябрдаги ПҚ-2107-сонли Фармонига асосан бирламчи тиббий санитария бўйғинлари давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига киритилган бўлса-да, аммо амбулатор-поликлиника муассасаларига ушбу Низомнинг 1, 2 ва 3 иловаларида келтирилган рўйхатлардаги ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказиш учун бюджет маблағлари ажратилиши кўзда тутилмаган.

Бугунги кунда эса Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг
214-моддасидан келиб чиққан ҳолда Қарақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар, туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари таркибида тўлиқ хўжалик хисобида фаолият кўрсатувчи бюджетдан молиялаштирмайдиган тиббий кўрик комиссиялари ташкил этилган бўлиб, ушбу комиссиялар томонидан ходимларни ўз маблағи ҳисобига даврий тиббий кўрик ўтказилиб келинмоқда.

Юқоридаги масалалардан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Улуғбек Саматов томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига жорий йилнинг 3 август куни давлат муассасасида меҳнат қилаётган тиббиёт ҳамда мактабгача таълим муассасалари ходимларини тиббий кўрикдан ўтиши учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаётганлиги юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ва кўрсатиб ўтилган контингентни қонунларга асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказишни жорий этиш масаласи бўйича15/1-54-сонли Депутатлик сўрови юборилди.

“Мутасадди вазирликдан ушбу сўровга атрофлича жавобни кутиб қоламиз ва уни ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП расмий сайтида эълон қилинишини маълум қиламиз”, - дейилади Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати хабарида.

“Туркистон-пресс”