2018-08-10 14:54:25

МУРОЖААТ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАДИ

Халқ мурожаатининг амалий ечимини топиш депутат фаолияти учун жуда муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселекторда сўзлаган нутқи барча соҳа ходимларига  жуда катта масъулиятни юклагани каби депутатларнинг фаолияти, ўз вазифасини вақтида бажаришига бўлган эътиборни кучайтирди, депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш, уни муносиб равишда оқлаш осон иш эмаслигини ҳар бир депутат англаб етишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова ҳам ўз депутатлик фаолиятига эътибор билан ёндашиб, фуқаролар билан олиб борган мулоқотлари давомида уларнинг амалий ечимини топишга кўмаклашмоқда.

Жумладан, депутатга тумандаги “Шодлик” МФЙ “Олим Хўжаев” кўчасида истиқомат қилувчи Лобар Ҳайдарова исмли фуқаро оиласи моддий жиҳатдан ночор аҳволдалигини билдириб, уй-жойни таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати эса депутат томонидан эътиборга олиниб, партия туман кенгаши, Фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш, туман касаба уюшмаси ва маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб Лобар Ҳайдаровининг хонадони ва яшаш тарзи ўрганилди. Депутат ўрганишидан асосий мақсад — унга моддий жиҳатдан кўмак бериш, уй таъмирида ёрдамлашиш ва шунингдек, депутатлик ҳиссини астойдил бажаришдир.

Лобар Ҳайдарова, “Шодлик” МФЙ фуқароси:

  • Мен ижтимоий аҳволим ҳақида депутат ва Фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Кенгаши раиси ўринбосари Ҳамрогул Ашуровага билдирган мурожаатим эътиборсиз қолдирилмади. Депутат бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ ижтимоий аҳволимни ўрганишди, яшаш шаротим билан танишишди. Бу эса менга янада ишонч ва умид бахш этди.

Фуқаронинг хонадонида бўлишганида унинг турмуш ўртоғи 3 маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганлигини ҳамда ногиронлик нафақасига чиқарилишида амалий кўмак берилиши ҳақида ҳам мурожаат қилди. Депутат Ҳамрогул Ашурова ушбу мурожаат асосида туман Тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўровини йўллаб, амалий кўмак берилишига ваъда берди. Фуқаро мурожаатномаси асосида олиб борилган ўрганишлар бесамар кетмади — унинг мурожаатидан келиб чиқиб тегишли ташкилотларга чиқарилган депутатлик сўрови асосида ўзининг ижобий ечимини топиши таъкидланди.

Бобир Раджабов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро аилоят кенгаши раиси ўринбосари  

(“Туркистон-пресс”).