2018-08-10 15:03:44

10 АВГУСТДАН МАКТАБ ЯРМАРКАЛАРИ БОШЛАНДИ

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикамизда жами 1325 та мактаб ярмаркалари ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумий ўрта таълим мактабларида (уларга 5941 та мактаблар бириктирилган) ташкил этилиб, улардан 3 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар, 293 та аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида, 528 та йирик савдо комплекслари ва дўконларда 2 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар фойдаланиши режалаштирилган.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Ўздавкитобсавдотаъминоти”, “Шарқ” компанияси ва “Шарқ зиёкори” МЧЖ етказиб беради.

Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.

“Туркистон-пресс”