2018-08-10 15:45:25

ШУҲРАТ СОДИҚОВ АКТ ВАЗИРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

Ўзбекистон АКТ вазири Азим Ахмедходжаев вазифасидан озод қилинди. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг собиқ директори Шуҳрат Содиқов АКТ вазирлигига раҳбар бўлди.

Азим Ахмедходжаев Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимидан озод қилинди, дея хабар қилди “Газета.uz”нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Унинг ўрнига Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг собиқ директори Шуҳрат Маҳамаджонович Содиқов тайинланди.

Азим Ахмедходжаев Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида янги ташкил этилган рақамли иқтисодиётни ривожлантириш блокини бошқарадиган бўлди.

Шуҳрат Содиқов (1969 й. т.) 2010 йилдан Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган. аввал — 2008−2010 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси директори, 2006−2008 йилларда эса бош директор ўринбосари бўлиб ишлаган. 2017 йил августда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига раҳбар этиб тайинланган эди.