2018-08-14 13:05:27

1 СЕНТЯБРДАН ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ МАОШИ ОШИРИЛДИ

Президент қарори асосида 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчиларининг маоши 1,1 бараварга, юқори синф ўқувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача оширилди.Бу ҳақда “Газета” Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида берилган маълумотга асосланиб  хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 август куни «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Қарорда мактабгача таълимнинг замонавий тизими, 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий қилинганлиги, замонавий олий таълим муассасалари ҳамда нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилганлиги, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш мақсадида «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури қабул қилинганлигига қарамасдан, бу борада айрим муаммолар сақланиб қолаётганлигини қайд этилган.

Ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ёшларни аънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:

юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидоий ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;

ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш;

педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш;

ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

ўқувчи ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат  Мирзиёевнинг кўрсатмасига асосан ушбу қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 барварга оширилди.

2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

Натижада, устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларики ўртача 26 фоизга оширилди.

Давлат раҳбари томонидан ўқувчиларнинг ақлан ва руҳан соғлом қилиб тарбиялашга яна бир маротаба алоҳида эътибор қаратилди.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди.

Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.

Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш, таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқарув органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тизими яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида бериш, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш белгиланди.

Қарорда 2018−2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этилиши белгиланди.

Қарорнинг яна бир ўзига хос жиҳати 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.

Тегишли вазирлик ва идораларга умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, мактабдан ташқари таълим соҳасига давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, жаҳондаги олий таълим муассасаларининг рейтингида 1000 талик рўйхатга кирадиган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини ёки факультетларини Ўзбекистон Республикасида лицензия олмасдан ва бошқа имтиёзли шартларда ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, илғор халқаро тажрибалар асосида таклиф киритиш топшириғи берилди.

Қарорда яна бир маротаба халқ таълими тизими ходимларини таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига, турли хил йиғилишларга жалб қилиш, уларнинг касбий фаолиятини амалга оширишига ҳар қандай шаклда тўсқинлик қилиш амалдаги қонун ҳужжатларида таъқиқланганлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Мазкур қарор таълим-тарбия сифатини тубдан ошириш, мамлакатимизда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.