2018-08-14 13:10:41

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ОСИЁ МАМЛАКАТЛАРИ СУДЬЯЛАРИНИНГ БИРИНЧИ ХАЛҚАРО СЕМИНАРИДА ИШТИРОК ЭТДИ

2018 йилнинг август ойи (27 июль1 август)да Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида Осиё мамлакатлари судьялари учун биринчи халқаро семинарибўлиб ўтди.Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Семинар суд кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш ва самарадорликни ошириш, суд фаолияти ва қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилди. 

 Анжуман ишида Осиё ва Тинч океани ҳудудининг 10дан зиёд мамлакатидаги Олий суд ҳамда судьяларни тайёрлаш билан шуғулланувчи институт ва ўқув муассасалари директори даражасидаги, шунингдек, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон делегацияси таркибига  Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори Ф.Муҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакиллари, судьялар З.Нурматов ва Т.Сафаровлар кирди.

Ташриф Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. 

Хитой Халқ Республикасига ташриф давомида делегация томонидан ХХР ва семинарнинг иштирокчи-мамлакатлари (Малайзия, Лаос, Сингапур, Вьетнам, Покистон ва бошқалар)нинг илғор тажрибалари ўрганилди. 

 Халқаро семинар доирасида Ўзбекистон томони Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисида тақдимот  ўтказди. Тадбир иштирокчиларига, шунингдек, республикамизнинг суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва ислоҳотлар, суд кадрларини тайёрлаш ва уни ташкил этиш соҳасида Ўзбекистон тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинар якунлари бўйича битим юзасидан келишувга эришилди  ва Судьяларни тайёрлаш бўйича миллий институт ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар  малакасини ошириш маркази  ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш бошлаб юборилди.

“Туркистон-пресс”