2018-08-14 13:13:54

МОҚ РАҲБАРИ ТУРКИЯДА НАЖМИДДИН БИЛОЛ ЭРДОҒАН БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов шу кунларда хизмат сафари билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб турибди. Сафар давомида МОҚ раҳбари Халқаро Этноспорт конфедерацияси ҳамда UNESCO йиғилишида ҳам иштирок этди.

Йиғилиш давомида Туркия ёшлар ва спорт вазири, UNESCO котибияти вакили, Бутунжаҳон Этноспорт конфедерацияси раҳбари, шунингдек, махсус маслаҳат қўмитаси раиси сўзга чиқди.

Сўнгра Умид Аҳмаджонов Бутунжаҳон Этноспорт конфедерацияси раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси, Туркия ёшлар фонди Олий маслаҳат кенгаши аъзоси Нажмиддин Билол Эрдоған билан учрашди.Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ёдингизда бўлса, Эрдоған май ойида юртимизга ташриф буюрганди. Ўшанда томонлар бир қатор масалалар бўйича келишувларга эришгандилар. Бугунги учрашувда эса томонлар ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, алоқаларни янада мустаҳкамлаш, камондан ўқ отиш спорт турига оид бир қатор масалаларни муҳокама қилишди.

Миллий олимпия қўмитаси раҳбари камондан ўқ отиш бўйича халқаро «Фотиҳ кубоги» мусобақасини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

“Туркистон-пресс”