2018-08-14 13:16:42

АДВОКАТУРА ИНСТИТУТИ ФАОЛИЯТИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган эзгу ғояси асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг 2-ярим йилликка мўлжалланган режасига асосан Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 13 август куни “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, адвокатлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида адлия вазири ўринбосари А. Ташкулов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши учун асос бўлган муаммолар ва уларни бартараф этишнинг аҳамияти, Фармонга мувофиқ адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича адвокатларга берилган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, А. Ташкулов томонидан тадбир қатнашчиларига Фармонда белгиланган вазифа ва тадбирлар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида аниқ рақамлар асосида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг, Адвокатлар палатаси раиси в.б. Ш. Садиқов сўз олиб, Фармоннинг адвокатура соҳасини такомиллаштиришдаги аҳамиятини айтиб ўтиб, Адвокатлар палатасининг адвокатура институти ҳимоячиси сифатидаги ролини ошириш чоралари, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тартиботлари, адвокатлар томонидан Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдини бузиш ҳоллари, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида, бу борада Адвокатлар палатаси томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда адвокатлар, оммавий ахборот воситалари адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси қанчалик таъминланганлиги, уларнинг ихтисослашув масаласи, суд жараёнларидаги иштироки каби қатор масалаларда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишиб, фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишди.

«Туркистон-пресс”