2018-08-14 13:30:24

ҲАР БИР МУРОЖААТИ АЛОҲИДА ЭЪТИБОРДА

Бугунги кунда халқ дарди билан яшаш, унинг мурожаатларини ҳал этиб бериш, ижтимоий аҳволини ўрганиш, шароитлар яратишда кўмаклашиш депутатнинг олдида турган асосий вазифадир. Депутат ана шу асосий вазифасини астойдил ҳис этсагина ҳамда масъулият билан ёндашса, албатта, халқ билан яшаган, халқ дардини ҳис этган бўлади. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Партиянинг Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Ориф Эгамов  ўзининг депутатлик фаолиятини астойдил ҳис этган ҳолда жойларда бўлиб, фуқароларнинг муаммоларини ечишда кўмаклашмоқда. Ишсизлик муаммоси дейсизми, ичимлик сувининг танқислигими ёки тунги ёритиш чироқларими, хуллас, барча муаммо депутатлик гуруҳи аъзоларининг диққат эътиборида бўлди.

Жумладан, Ориф Эгамов “Хўжа Мушкин” МФЙда бўлиб, ҳудуддаги “Алпомиш” кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли билан мулоқотлар олиб борганида уларнинг аксарияти иш билан таъминлаш масаласи ҳақида мурожаат қилишди. Депутат муаммолардан келиб чиққан ҳолда шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига ўзининг депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Сўров ўрганилгач, ўзининг ижобий ечимини топди, “Алпомиш” кўчаси 9-уй, 2-хонадонда яшовчи Алфия Абдураҳмонова ва 5В-уй, 59-хонадонда истиқомат қилувчи Маҳфуза Зариповалар 6 ойлик тиббиёт соҳаси бўйича қайта тайёрлов курсларига юборилди.

Шунингдек, ушбу МФЙда бўлган депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож, касалманд фуқаролар ҳолидан хабар олди ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Муҳаммадиевнинг мурожаатига кўра МФЙдаги 25 нафар ёши қарилар депутат кўмаги ила Бухоро туманидаги “Янгиобод” ҚФЙга қарашли “Иссиқ сув” МЧЖ (хусусий клиника)га довланишга юборилди.

Ҳудуднинг “Алпомиш” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар кўп қаватли 9-уйнинг оқава тизимида носозлик содир бўлганлиги  тўғрисида ўз мурожаатларини билдиришди. Ориф Эгамов мурожаатни ижобий жиҳатдан ҳал этди ҳамда тизимдаги муаммоларни бартараф қилиш мақсадида махсус автомашиналар бириктирилиб, босим остида ювилди ва қудуқлар тозаланиб, оқава тизимининг бир меъёрда ишлаши таъминланди. 

 Депутат шаҳардаги “Гулчорбоғ” МФЙда яшовчи фуқаролар билан олиб борган мулоқоти чоғида МФЙдаги “Қалқон” кўчасининг 3-,4-,5-,6- муюлишидаги мавжуд техник ичимлик сув тизими тоза ичимлик суви тизимига уланмаганлигининг гувоҳи бўлди. Бу муаммо депутат ташаббуси билан вилоят “Сувоқава” ДУК шаҳар филиали ишчи гуруҳ ходимлари томонидан ўрганилди ҳамда муаммо жойида ҳал этилди, техник ичимлик сув тизими ҳудуддан ўтган марказий ичимлик сув тизимига уланди.

Сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда шаҳардаги “Кўксарой” МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли ҳудуддаги Баҳоуддин Нақшбанд кўчасидаги 308-кўп қаватли турар жой биносининг иссиқ сув тизимининг хонадонларга кириш қувурларини таъмирлаш лозимлиги тўғрисида мурожаатларини билдиришди. Депутат бевосита вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК билан боғланиб, муаммони ижобий ҳал этди, 308-уйнинг кириш қисмига кирувчи иссиқлик қувурлари таъмирланганлиги ва муаммонинг бартараф этилганлиги фуқароларни қувонтирди.  

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби  

(“Туркистон-пресс”).