2013-10-08 18:20:00

ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИ ҚИШЛОҚЛАР ОБОДЛИГИ ВА АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Ипотека кредити: аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг асосий йўналишларидан бири эканлиги, бу борада олиб борилаётган фаолият самарадорлиги ҳаётий мисолларда ўз тасдиғини топаётгани ва фуқаролар фаровонлигини ошириб ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Бу йўналишдаги мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда тижорат банклари томонидан ажратилаётган ипотека кредитларининг аҳамияти катта бўлмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, шу вақтгача фуқароларнинг янги уй-жой қуриш, харид қилиш ва қайта таъмирлаши учун деярли 777 миллиард сўм миқдоридаги банк кредитлари ажратилди. Шунингдек, “Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ тижорат банклари маблағлари ҳисобига ҳудудларда 105 та кўп қаватли турар-жой бинолари қурилмоқда. Ушбу квартиралар 2013-2015 йилларда ипотека кредитлари ёрдамида имтиёзли равишда фоиз ставкаси Марказий банк қайта молиялаш меъёрларидан кўп бўлмаган ҳолда ёш оилаларга фойдаланишга топширилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш комплекс дастури доирасида 2009-2012 йилларда мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида 650 та янги уй-жой массивлари барпо этилди ва 23,6 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жойлар қурилди. Жорий йилда эса 353 та қишлоқ массиви ҳудудида 10 мингта уй-жой қурилиши кўзда тутилган. Бунинг учун банклар томонидан жами 1 триллион 385 миллиард сўмдан ошиқ маблағ ажратилади.

Таъкидлаш лозимки, ўз вақтида пухта ўйлаб қабул қилинган дастурга мувофиқ замонавий уй-жойларни ипотека кредити асосида харид қилиш учун фуқароларга катта қулайлик яратилди. Бу имконият шундан иборатки, қурилаётган уй-жойларнинг эгаларига банклар томонидан 15 йил муддатга йиллик 7 фоиз ставка бўйича кредит ажратилади. Харидор дастлаб намунавий лойиҳа асосида қурилган уй нархининг 25 фоизини бошланғич бадал сифатида тўлайди. Уй битгач эса мижоз уни ўз шахсий мулки сифатида қабул қилиб олади. Бундан ташқари, банк кредитлари ҳисобидан якка тартибда уй-жой қураётган қишлоқ аҳолиси кредитларни қайтариш ва уларнинг устама фоизларини қоплашга йўналтириладиган даромад солиқларини тўлашдан озод этилади. Улар ипотека кредитини тўлиқ тўлагунга қадар уй-жой учун солиқ тўламайдилар.

Анжуманда ОАВ вакилларини қизиқтирган масалалар бўйича кенг ва асосли маълумотлар тақдим этилди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”