2018-08-17 15:48:01

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ: КИНОДА ҲАМ ТАРТИБ БЎЛИШИ КЕРАК

Мамлакатимизда     олиб   борилаётган ислоҳотларнинг   изчил    амалга оширилиши    бутунлай ижро ҳокимияти      органлари    фаолиятига    боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини таҳлил қилиш Адлия вазирлигининг муҳим воситаларидан бири бўлди.

Бу борада изчил камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда ўрганилаётган давлат органи ёки ташкилотни янада такомиллаштириш мақсадида давлат бошқарув органлари фаолияти чуқур тадқиқ этилмоқда. Кинематография соҳасидаги ваколатли орган —“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳам бундан мустасно эмас.

Маълумки, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича муҳим кўрсаткичларидан бири, бу унинг замонавий талабларга жавоб берадиган кинематография тармоғининг мавжуд бўлишидир. Унинг ғоявий- бадиий савияси ёшларни миллий қадриятлар ва халқимизга хос урф-одатлар руҳида тарбиялашга таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан саналади.

Бироқ, ушбу соҳада давлат бошқаруви тизими самарадорлиги таҳлили шуни кўрсатдики, мамлакатимиз киносаноати ҳолати амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига жавоб бермайди, бизнес юритиш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда тенг имкониятлар билан таъминламайди.

Адлия вазирлиги расмий сайтининг хабарига кўра, агентликнинг Бадиий кенгаши томонидан мазкур давлат органи ички ҳужжати асосида киномаҳсулот ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасига оид ўтказилган танлов ошкоралик тамойилларига қарши ўтган. Бу эса, хусусий кино ишлаб чиқарувчиларнинг мазкур танловда иштирок этишини сезиларли даражада қийинлаштиради.

Кинематорафия соҳасини ўрганиш жараёни Бадиий кенгаш фаолиятида манфаатлар тўқнашуви сингари салбий ҳодисани аниқлаштириш имконини берди. Бу жиҳат коррупцияга қарши курашиш қонунчилиги билан тартибга солиниб, унинг моҳиятини тушунишни сезиларли даражада осонлаштиради. Бадиий кенгаш фаолиятида давлат органига маъқул бўлмайдиган қизиқишларнинг бўлиши кўп кузатилди.бу эса катта салбий таъсирга эга. Киномаҳсулотларни асоссиз илгари суриш ҳамда сценарий ва кинофильмлар танлашда камситиш ҳолатлари кўзга ташланди. Асоссизлик, тўсиқларнинг мавжудлиги ва ошкоралик тамойилининг бўлмаслиги —кинофильмларни саралаш ва суратга олишда барча, жумладан,молиявий жараёнларга ҳамроҳлик қилган белгилар сифатида намоён бўлди. Бундан ташқари, Бадиий кенгаш томонидан киномаҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўтказилган танловнинг керакли даражада тартибга солинмагани, танловга тақдим этилган материалларни рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва саралаш бўйича ягона ва очиқ тартиб йўқлигини келтириб чиқарди. Бунинг натижасида, танлов жараёнида камситиш ҳолатлари юзага келди.

Давлат маблағларини тақсимлашда агентлик Бадиий кенгаши фаолияти ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига амал қилмасдан ишлаганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Юқорида кўрсатилган муаммоларни комплекс равишда ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлда “Миллий киносаноатни ривожлантиришга доир қўшима чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда киносаноатни ислоҳ қилиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилган қатор изчил ечимлар ҳам таклиф этилган.

Хусусан, мазкур ҳужжатда Бадиий кенгаш таркибига аъзоликка қабул қилиниш ҳуқуқига эга шахслар рўйхати аниқлаштирилган. Бадиий кенгаш таркибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан мажбурий равишда мослаштириш шарти белгиланган. Бадиий кенгаш таркиби ва киномаҳсулот ишлаб чиқариш бўйича танлов иштирокчилари орасидан мазкур кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорлардан билвосита ёки бевосита манфаатдор бўлган шахсларни чиқариб ташлаш орқали манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Бундан ташқари, давлат буюртмаси бўйича киномаҳсулот ишлаб чиқариш танловини ташкиллаштириш ва ўтказиш тартиби ҳамда танловда кинокомпанияларга қўйиладиган талаблар энди Агентликнинг ички қарори билан эмас, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ ўрнатилади. Бу эса, танловда хусусий кино ишлаб чиқарувчилар иштирокини сезиларли даражада соддалаштиради.

Юқоридаги ҳуқуқий меъёрлар амалга оширилса, республикамизда кинематографияни ривожлантиришнинг ижобий истиқболлари шаклланиши кутилмоқда.