2018-08-17 15:52:30

ФУТБОЛЧИЛАРИМИЗНИНГ ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДАГИ ЙИРИК ҒАЛАБАСИ

Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Осиё ўйинларининг иккинчи тури доирасида Қатар терма жамоасига қарши баҳс олиб, йирик ҳисобда ғалабага эришишди.

Ўйин тўлалигича терма жамоамиз аъзолари устунлиги остида кечди. 38-дақиқада Забиҳулло Ўринбоев ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада Икром Алибоев жаримадан ажойиб гол киритиб, ҳисобни 2:0га етказди. Иккинчи бўлимни фаол бошлаган футболчиларимиз тезкор гол киритишга муваффақ бўлишди. Достон Ҳамдамов 46-дақиқада рақибни чиройли тарзда алдаб, дарвозани ишғол қилди —3:0. 49-дақиқада Жавоҳир Сидиқов бўш қолган дарвозага осонлик билан тўпни йўллаб ҳисобни 4:0га етказган бўлса, 53-дақиқада Жалолиддин Машарипов ўзига нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг пенальтидан гол киритди ва ҳисоб 5:0га етди. 74-дақиқада Бобир Абдиҳолиқов рақиб хатосидан унумли фойдаланган ҳолда ҳисобни жуда йирик кўринишга олиб келди —6:0!

Ушбу ғалаба Равшан Ҳайдаров шогирдларига муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини тақдим қилди. Кейинги учрашувни вакилларимиз Таиланд терма жамоасига қарши ўтказишади.

“Туркистон-пресс”