2018-08-17 15:55:01

САМАРҚАНДДАН БЕЛАРУСГА ҚУРИТИЛГАН МЕВА-САБЗАВОТЛАР ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Б.Нуруллаев бошчилигидаги бир гуруҳ тадбиркор ва ишбилармонлар Беларусь Республикасида бўлиб қайтди.

Делегация аъзолари Белорусь — Ўзбекистон бизнес форуми доирасидаги учрашувлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаларида иштирок этди.Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Могилёв шаҳридаги металлни, чиқиндини қайта ишлаш заводлари фаолияти билан танишдилар. Ишбилармон доиралар вакиллари икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва экспорт салоҳиятларини тақдим этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар мутасаддилари ҳамда Могилёв области раиси ўринбосари В.Некрашевич билан икки вилоят ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида музокаралар ўтказилди. Вакилларимиз Могилёв туманидаги интенсив боғ ва мева-сабзавот, паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, форель балиғини етиштиришга ихтисослашган корхоналар, эркин иқтисодий зона, Бобруйск шаҳридаги ёғочни қайта ишлаш ва мебель, автомобиллар ва махсус техникалар учун шиналар, трактор ва трактор эҳтиёт қисмлари ҳамда лифт ишлаб чиқарувчи заводлар фаолияти билан танишди.

Учрашув ва музокаралар натижасида 6 та ишлаб чиқариш корхонаси томонидан 10,3 миллион доллар миқдорида қуритилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди. Могилёв областидаги “Лохва” фермер хўжалиги билан Булунғур туманидаги “Бобоёр Қаюм” хусусий фирмаси, “Булунғур Фенекс сервис” МЧЖ ўртасида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”