2018-08-17 15:59:51

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯГОНА ЗАМОНАВИЙ МАКТАБ ФОРМАСИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

15 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирилги Ахборот хизмати хабар берди.

Қарорга асосан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг қарор билан тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Ота-оналарга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида тижорат банкларига аҳоли томонидан мактаб формаларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилди.

Қарор билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини инобатга олган ҳолда ҳудудларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантириш, ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда республиканинг барча туман (шаҳар) марказларида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этиш юклатилди.

Ўқувчилар учун замонавий мактаб формасини ишлаб чиқишда танланган мато турининг таркибида табиий толаларни етарли равишда мавжудлиги, сифатининг давлат стандартлари талабига жавоб бериши, ўқувчилар томонидан узоқ муддат кийилиши учун чидамлилиги, рангининг бола психологиясига мос келиши, боланинг соғлиғига таъсир кўрсатувчи гигиеник талабларга мувофиқлиги каби жиҳатлари инобатга олинди.

“Туркистон-пресс”