2018-08-20 12:31:48

БЕКЗОД АБДУРАҲМОНОВ — ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ ЧЕМПИОНИ!

Жакартада бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясига илк олтинни эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов тақдим этди.

74 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бекзод Абдураҳмонов олтин медаль учун қозоғистонлик Данияр Каисановга қарши курашиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Таъкидлаш жоиз, Бекзод Абдураҳмонов энди икки карра Осиё ўйинлари ғолиби. Абдураҳмонов 2014 йили Инчхонда ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам Ўзбекистонга илк олтин медални олиб берганди.

“Осиё ўйинлари—2018”да 65 кг. вазн тоифасида иштирок этган Сирожиддин Ҳасанов бронза медални қўлга киритди. Яна бир бронза медали ҳам эркин курашчилар томонидан қўлга киритилди. Жумладан, 97 кг вазн тоифасидаги Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Магомед Ибрагимов бронза медали учун кечган баҳсда япониялик Такеши Ямагучи қарши гиламга чиқди.

Ибрагимов беллашув давомида 6:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Бу вазиятда Ямагучи кутилмаганда жароҳат олди. Шифокор эса унга баҳсни давом эттириши учун рухсат бермади. Натижада бронза медали М.Ибрагимовга насиб этди.

Шундай қилиб, биринчи кун якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича қитъанинг 45 мамлакати ичида ҳозирча олтинчи ўринни эгаллаб турибди.

 “Туркистон-пресс”