2018-08-25 14:18:24

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА ЯНА ИККИТА КУМУШ МЕДАЛЬ ҚЎЛГА КИРИТИЛДИ

24 август куни Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган Осиё ўйинларининг олтинчи кун беллашувлари бўлиб ўтди.

Унда ўзбекистонлик спортчилар иккита кумуш медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди.

Куннинг биринчи кумуш медалини академик эшкак эшиш баҳсларида саккиз кишилик экипажимиз қўлга киритди. Алишер Яров, Достонжон Баҳриев, Ислам Мамбетназаров, Достонжон Хурсанов, Шоҳжаҳон Нажмиев, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов ҳамда Анатолий Красновлардан ташкил топган жамоамиз 6:12.46 натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб боришди ва кумуш медалга сазовор бўлишди.

Сўнгра велоспортнинг шоссе йўналишида 40км масофага бўлиб ўтган беллашувда иштирок этган Мурод Холмуродов 57:10.52 натижа билан иккинчи ўринни эгаллади ва яна бир кумуш медалга эга чиқди.

Шу тариқа, олтинчи кун якунларига кўра Ўзбекистон спорт делегациясининг медаллари сони 21тага етган. Ҳамюртларимиз шу кунгача 4та олтин, 10та кумуш ва 7та бронза медалларини қўлга киритганлар.

“Туркистон-пресс”