2018-08-25 15:04:55

НАВОИЙДА ОБОД ҚИШЛОҚЛАР КЎПАЙМОҚДА

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида ўз самарасини намоён этмоқда. Айниқса, “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳар бир туманнинг чекка ҳудудларида ҳам улкан бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилаётгани эътирофга лойиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ҳам ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди. Бу тарихий фармон ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бугун чекка ҳудудлардаги қишлоқларимизга замонавий қиёфа бахш этмоқда. Дастур доирасида кўркам бинолар қад ростлаб, обод манзиллар барпо этилаётир.

Навоий вилояти Конимех туманида айни пайтда дастурнинг иккинчи босқичига кўра,  ишлар қизғин кечаётган  “Шодибек” ва “Тўқманғит” қишлоқларида 208 та хонадон бўлиб, 1 минг 47 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунда мазкур ҳудудларга уй-жойларни таъмирлаш, шунингдек, ижтимоий соҳа, муҳандислик тармоқлари ва бозор инфратузилмаси объектларида  ишлар қизғин. Ҳудудда  7 километр ички хўжалик  йўли,  1,5 километр электр тармоғи, 1 километр 800 метр  газ тармоғи, 2 километр ичимлик суви тармоқлари тортилиши бўйича ишлар якунига етиш арафасида.

Хулоса ўрнида айтганда, туманда амалга оширилаётган бу эзгу бунёдкорлик ишларининг барчаси халқ манфаатларини учун. Албатта, яқин кунларда чўл ҳудудидаги   мазкур қишлоқлар хам  сўлим, кўркам, обод манзиллардан бирига  айланиб, мустақиллик мўъжизасига айланишига  шубҳа йўқ.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”