2018-08-27 13:06:48

МАКТАБ ЯРМАРКАСИ КЎРГАЗМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 25 август куни Халқ таълими вазирлиги томонидан Ёшлар ижод саройида мактаб ярмаркаси кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирни халқ таълими вазири Ш.Шерматов табрик нутқи билан очиб берди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Сўнг “Баркамол авлод” бадиий ижодиёт марказининг тўгарак аъзолари томонидан ёрқин ашула ва рақс намойишлари бўлиб ўтди. Шунингдек, “Туморча” дизайнерлар гуруҳи янги мактаб формасини намойиш этди.

Қолаверса, тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг ўтказилди. Унда Халқ таълими вазири бугунги кунда таълим тизимида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

Жумладан, таълим тизими сифатини ошириш, умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг ўринбосарларига қўйилган талабларни қайтадан кўриб чиқиш, ўқув-тарбиявий жараёнга илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, жамиятда ўқитувчиларни мақомини ва иш ҳақини ошириш орқали таълим сифатини яхшилаш, бундан ташқари, мактаблар ихтиёрига бюджетдан ташқари маблағларни қолдириш, ички-коллектив назорат тизимини яратиш, намунали мактаблар сонини кўпайтириш мақсадида мактабларнинг рейтингини ишлаб чиқиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

 “Туркистон-пресс”