2018-08-27 13:16:01

ТОШКЕНТДА ИЗРО МАЛАКОВ ВА МУҲАББАТ ШАМАЕВА КОНЦЕРТ БЕРАДИ

Шу йилнинг 28 август куни пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ҳозирги пайтда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева концерт беради.

 Бундан ташқари, халқ артистлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этади.

—“Туркистон” саройидаги концертимизда Шерали Жўраев, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Турдиева каби халқимиз ардоғидаги санъаткорларнинг ҳам иштирок этиши унинг нуфузини, оммабоплигини оширишига ишонаман, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева. — Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида ҳам қатнашишимиз бизга катта мамнунлик, юксак ғурур-ифтихор бағишлайди. Зеро, мазкур анжуман мумтоз меросимизни асраб-авайлаш, уни ёшларга безавол етказишда, хорижликлар учун эса миллий мусиқа санъати ютуқларини, анъаналарини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / Халқ сўзи