2018-08-27 13:27:39

САМАРҚАНДДА “ИПАК ЙЎЛИ БОЗОРИ” ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

Самарқанд шаҳрида “Silk Road Bazaar” (“Ипак йўли бозори”) миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалда Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган 80 нафардан зиёдроқ уста-ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Маҳобатли Регистондан бошланган мазкур фестивалда сайёҳлар ва меҳмонлар Самарқанд кашталари, Тошкент чиннилари, Фарғона адрасию Шаҳрисабзнинг чопонлари ва нимчаларини томоша қилиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, кулолчилик, гиламдўзлик, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, каштадўзлик, зардўзлик, наққошлик, читгарлик сингари ҳунармандлик маҳсулотлари, элликдан ортиқ турдаги Самарқанд нонлари  ҳар қандай кишининг ҳайратини оширди.

Фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, саҳналаштирилган томошалар ва концерт дастурлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”