2018-08-27 13:36:45

КИЧКИНТОЙЛАР УЧУН ШАХМАТ-ШАШКА МАЙДОНЧАЛАРИ БАРПО ЭТИЛДИ

1-мактабгача таълим муассасаси Чортоқ туманида шу соҳадаги энг йирик таълим-тарбия маскани ҳисобланади. У Короскон қишлоғидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Бу ерда 280 нафар кичкинтой тарбияланади. Педагогик жамоага тажрибали мураббия Феруза Маҳмудова раҳбарлик қилади. Яқинда МТМ ходимлари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман бўлими фаоллари билан ҳамкорликда яна бир хайрли ташаббусга қўл урдилар. Муассасада 2х2 ва 3х3 метр ҳажмда шахмат ва шашка майдончалари барпо этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мурабдуллаева:

— Бирмунча муддат аввал  фаоллар билан ушбу муассасадаги тадбирда иштирок этгандик. Ўшанда бу ерда жисмоний тарбияга алоҳида эътибор берилишини кузатдик. Бунинг учун шарт-шароитлар ҳам яратилган, яъни спорт майдончалари, иккита сузиш ҳавзаси, бадиий гимнастика зали бор. Болалар билан машғулот олиб борадиган жисмоний тарбия мутахассиси ҳам ишлаб турибди. Ўшанда муассаса жамоасига шахмат ва шашка майдончаси ташкил этишни таклиф қилдик. Бу фикр педагогларга маъқул тушди.

Тез орада иш бошланиб кетди. Халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Абдукарим Дўстбоев раҳбарлик қилаётган “Чортоқархитектқурилиш” масъулияти чекланган жамияти аъзолари ҳомийлик қилишни зиммаларига олдилар. Улар алебастр, цемент, бўёқ, бошқа қурилиш материалларидан ёрдам кўрсатдилар. Рассомлик қўлидан келадиган тарбиячи Гульгена Абдулина шашка “тош”ларидан тортиб шахматдаги пиёдалар-у сипоҳлар, шоҳ ва фарзинларни ясаб берди.

Куни кеча мактабгача таълим муассасасида мазкур шахмат ва шашка майдончаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда педагоглар, ота-оналар, партия фаоллари ва жамоатчилик вакиллари қатнашдилар. Кичкинтойлар иштирокидаги концерт дастури уларнинг кўрсатилган ғамхўрликка миннатдорлик белгиси сифатида янгради.

Чортоқ туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси мудираси Феруза Маҳмудова:

— Мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга адоҳида эътибор берилмоқда. Таълим соҳасида кенг ва чуқур ислоҳотлар ўтказилаётгани фикримиз далилидир. Президентимизнинг яқинда  қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам бунга яққол мисол бўлади. Мазкур ҳужжатда  республика умумий ўрта таълим мактабларида босқичма-босқич шахмат фани ўқитилиши белгиланган. Шуни ҳисобга олиб, биз ўз таълим муассасамизда болаларга бошланғич тушунчалар беришни кўзлаб ушбу янгиликка қўл урдик. Бунинг самараси яхши бўлади, деб ўйлайман. Шахмат ёки шашка ўйнашни ўрганган боланинг тафаккури ривожланади, тез ва аниқ фикрлайдиган бўлади. Шу билан бирга ўз фаолиятини таҳлил этиш қобилияти шаклланади. Буларнинг барчаси фарзандларимизнинг ҳаётида албатта  фойда беради.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).