2018-08-29 14:10:08

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИНИНГ ЎНИНЧИ КУНИДА МЕДАЛЛАРИМИЗ СОНИ 38 ТАГА ЕТДИ

2018 йил 28 август куни Индонезиядаги Осиё ўйинларининг ўнинчи кун баҳслари ўтказилди. Қувонарлиси, кеча терма жамоамиз спортчилари учун омадли келди. Ҳамюртларимизнинг етти нафари кун якунларига кўра совриндорлар қаторидан ўрин олишди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Бадиий гимнастика бўйича яккалик баҳсларида иштирок этган Сабина Ташкенбаева 65,850 балл жамғариб, иккинчи натижани қайд этди ва якунда кумуш медалга сазовор бўлди.

Кун медалларининг асосий қисмини курашчиларимиз тақдим этишди. Қайд этиб ўтиш лозимки, Осиё ўйинларида илк маротаба миллий спортимиз ҳисобланган кураш бўйича мусобақалар ўтказилди. Беллашувлар спортчиларимиз учун муваффақиятли кечди. -66кг вазн тоифасида финал баҳсига икки нафар ҳамюртимиз Маъруф Ғайбуллоев ҳамда Руслан Бўриевлар етиб боришди. Олтин медаль учун ўтказилган жангда Маъруф Ғайбуллоевнинг қўли баланд келди. Шу тариқа Маъруф олтин, Руслан эса кумуш медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди. +90кг вазн тоифасида кечган баҳсларда эса Муҳсин Ҳисомиддинов финалгача етиб борди ва ҳал қилувчи жангда эронлик Жафар Паҳлавонижагҳарни мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Шу вазнда баҳсларда иштирок этган Нурбек Тўраев эса ярим финалгача етиб бориб, бронза медали соҳибига айланди. У финал чиптаси учун кечган баҳсда эронлик полвонга ютқазиб қўйди. Аёллар ўртасида -52кг вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда Гулнор Сулаймонова финалгача етиб борди ва чемпионлик жангида ҳиндистонлик Пински Балҳарани таслим этди. Ҳинд спортчисига ярим финалда ютқазиб қўйган Ойсулув Абдумажидова эса бронза медали билан кифояланди.

Шу тариқа, ўнинчи кун якунларига кўра,  Ўзбекистон терма жамоасининг жамғарган медаллари сони 38тага етди. Ҳамюртларимиз ҳисобида айни пайтда 9та олтин, 15та кумуш ва 14та бронза медаллари мавжуд.

“Туркистон-пресс”