2018-08-30 18:25:22

ЖИЗЗАХДА ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИОН ФОРУМ

2018 йилнинг 29-30 август кунлари Жиззахда Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Жиззах вилоятининг инвестицион салоҳиятини намоён этиш ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмасини ташкил этишга қаратилган. Тадбир давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси   ҳамкорлигида ўтказилди.

Жиззах инвестицион форумида Белорусь, Буюк Британия, Германия, Греция, БАА, Исроил, Ҳиндистон, Испания, Латвия, Ҳитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Россия, Туркия, Сингапур, АҚШ, Жанубий Корея, Япония сингари жами 28 мамлакатдан 300га яқин иштирокчилар қатнашди. Шунингдек, форумда чет эл дипломатик миссиялари вакиллари иштирок этишди.

Инвестицион форумни ўтказишдан кўзланган мақсад — халқаро ишбилармонлик доиралари вакилларини Жиззах вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражаси билан таништириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш.

Жиззахда илк бор ташкил этилган Халқаро Инвестицион форум доирасида иштирокчилар ҳудудда хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун яратилган имкониятлар, мавжуд қулайликлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 2 та эркин иқтисодий зоналар мавжуд. Булар “Жиззах” ҳамда яқинда асос солинган “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналари. “Зомин-фарм” ЭИЗ ҳудудида фармацевтика маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

“Жиззах” ЭИЗ ҳудудида қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, машинасозлик ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятлари йўлга қўйилган. Ҳусусан, бугунги кунда 16 хорижий ташкилотлар ушбу эркин иқтисодий зонада ўз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. “Auto Pad Systems”, Juita Gulshana Invest”, “Smart vision” каби масъулияти чекланган жамиятлар шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг май ойида “Жиззах” ЭИЗ ҳудудида Хитой компанияси иштирокида  ойна заводи қурилишининг биринчи босқичи якунига етказилди. Бу ишларга жами 28,9 миллион АҚШ доллари сарфланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Завод фаолиятининг тўлиқ йўлга қўйилиши 2019 йилга режалаштирилган. Шу тариқа Жиззах ойна заводи Ўрта Осиёда ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхонага айланади.

Қайд этиш керак, Жиззах вилояти географик қулай ҳудуддир. Бу ернинг яна бир ўзига ҳос жиҳати тоғлар ва тоғ ёнбағирларида таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқорли термоминераллар бўлган шифобахш сув манбаларининг борлигидир.

Вилоятда табиий ресурсларга бой 40та йирик кон мавжуд. Жумладан, 1та олтин, 2та кумуш, 3та рангли металл конлари бор. Ҳозирги кунда бу конлардан Республика ва вилоят иқтисодиёти учун фойдали бўлган хом ашё қазиб олинмоқда. 

Ривожланаётган ҳудудлардан бири саналган Жиззах вилояти инвестицион лойиҳаларнинг энг асосий нуқталаридан бирига айланиши мумкин. Ҳудуднинг барча имкониятлари 2 кунлик форум доирасида тўлиқ намоён этилди. Шунингдек, давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси иштирокида семинарлар ташкил этилди.

Халқаро инвестицион форум якунларига кўра қурилиш материаллари, тайёр чарм маҳсулотлари ва пойафзал ишлаб чиқариш, узумчилик ва мева-сабзовотни қайта ишлаш ҳамда дори воситалари соҳасида Жиззах вилояти ҳудудида бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик борасида   келишувлар имзолади.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”