2018-08-30 19:02:27

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА СПОРТЧИЛАРИМИЗНИНГ МЕДАЛЛАРИ СОНИ ОШИБ БОРМОҚДА

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари ўтказилмоқда. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари муваффақиятли одимлашмоқда. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Шу кунгача Ўзбекистон спорт делегациясининг мазкур Осиё ўйинларидаги умумий медаллари сони 52 тага етди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, мустақил Ўзбекистоннинг медаллар сифати бўйича ушбу мусобақадаги энг яхши натижаси 2002 йили Пусан шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида қайд этилганди. Ўша ўйинларда спортчиларимиз 15 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медалига эга чиқишган.

Индонезиядаги Осиё ўйинларининг 12куни якунларига кўра эса ўзбекистонлик спортчилар 15 та олтин, 19 та кумуш ва 18 та бронза медалларига эга чиқишди. Бу орқали ҳамюртларимиз медаллар сифати бўйича 2002 йилги натижани янгилаб бўлишди. Медаллар сони бўйича энг яхши кўрсаткич эса 2010 йили Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида қайд этилган. Ўша баҳсларда ўзбек спортчилари ватанимизга 56 та медаль билан қайтишган. Ҳали олдинда бизни яна бир неча спорт турлари бўйича беллашувлар турибди. Боксчиларимизнинг барчаси ярим финалга чиққанини ҳисобга оладиган бўлсак, спортнинг ушбу турида еттита медаль нақд бўлиб турибди. Шунингдек, ўзбек самбочилари ҳам Осиёда совринли ўринлар учун кураш олиб борадилар.

Бир сўз билан айтганда, Индонезиядаги Осиё ўйинлари ўзбек спорти тарихига зарҳал харфлар билан битиладиган бўлди. Албатта бундай муваффақиятга ўз ўзидан эришилгани йўқ. Бунинг замирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спортга қаратаётган юксак эътибори, ғамхўрлиги ва спортчиларга яратиб берилаётган шароитлари ётибди.

 “Туркистон-пресс”