2018-09-05 16:42:18

ИННОВАЦИОН ИҚТИСОДИЁТ ШАКЛЛАНТИРИШ ОМИЛЛАРИ

Бугунги кунда ҳар бир давлат ўзича ривожлана олмайди. Чунки, бутун дунё бўйича иқтисодиётнинг интеграциялашуви, ахборотларнинг глобаллашув жараёни содир бўлмоқда. Бундай шароитда фақат моддий бойликларни (мулкни) сотиб ҳам кун кўриш қийин. Зеро, моддий мулк ва бойликларнинг чегараси бор. Шу туфайли янги ғоя, янги фикрга асосланган интеллектуал мулк дунё миқёсида ўзининг қиймати, баҳоси ва бозорига эга бўлмоқда. Шу туфайли биз ҳам дунё миқёсида маълум ютуқларга эришишимиз учун интеллектуал мулкнинг маҳсули бўлган инновацияга таянишимизни тақозо қилади. Буни инобатга олиб муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлатютади”, деб таъкидлади.

Мамлакатимизда бежиз илм фанни ривожлантиришга катта аҳамият берилмаяпти. Кейинги бир йилда Президентнинг соҳага доир 11 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мамлакатимизда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи бугунги кунда устувор вазифа сифатида белгиланган. Бундан келиб чиқиб, илмий ишланмаларнинг амалиётга тадбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилиши кўзда тутилган.Бу ўз навбатида интеллектуал мулк эгалари, яъни илмий-тадқиқот институти ходимларининг ойлик маошларини бир неча баробар оширилишига олиб келади. Бундан ташқари ушбу мулкни яратишга рағбат уйғонади. Рағбат бор жойда интилиш, такомиллашиш жараёни содир бўлади.

Илмий-тадқиқот соҳасига катта аҳамият бериши келажакни таъминлашга қаратилганлигидан далолатдир. Чунки, инновацияни амалиётга жорий қилиш орқали юксак марраларни қўлга кирита оламиз, буюк келажагимизни барпо этишга эришамиз. Шу туфайли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак. Шунинг учун биз Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этдик ва унинг олдига аниқ вазифаларни қўйдик. Бу вазирлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажаради”, деб таъкидлади. Ҳақиқатда, жамиятнинг ривожланиши эндиликда инновациялар эвазигагина таъминланади.

Узоқ йиллар давомида мамлакатимиз хом ашё базаси сифатида пахта етиштириш билан шуғулланиб келди. Энди аста-секинлик билан пахта майдонлари қисқариб, ўрнига мева-чевалар, полиз эканлари,сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар экилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Маълумки, пахта жуда катта харажат ва меҳнат эвазига етиштирилади. Ушбу хом ашёни 1 йилда 1,8 млрд. долларга экспорт қиламиз. Бу пахтадан олинадиган жами тушум. Унинг фойдаси ҳақида ҳали гап кетмаяпти. Аммо мева чеваларни, полиз экинларини ва бошқа маҳсулотларни 1 йилда 20 млрд. доллар экспорт қилинмоқда. Буни етиштириш пахтачилик каби меҳнатни, харажатни ва вақтни талаб қилмайди. Шу туфайли аста-секинлик билан пахтани хом ашё сифатида экспорт қилишни чегаралаяпмиз. Эндиги етиштирилган пахта асосан ўзимизда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот даражасига етказилиб экспорт қилинади.

Эндиги ишларимиз технологияларни яратишга ва жорий қилишга қаратилмоғи лозим. Бу борада ҳам ҳали қилинадиган ишларимиз кўп. Масалан, технологияларнинг бир қанча босқичлари мавжуд. Булар:

  • механизациялаштирилган технология;
  • автоматлаштирилган технология;
  • нонатехнология;
  • биотехнология;
  • геоинжинерия босқичига етди.

Биз технологик тараққиёт даражасида қайси даражада эканлигимиз, ҳаммага аён. Эндигина механизациялаштирилган технологиядан автоматлаштирилган технологияга ўтмоқдамиз. Бу технологиянинг ҳам асосий қисмини хориждан олиб келмоқдамиз. Биз тайёр маҳсулотларни экспорт қилишдан технологияларни, инновацион ғояларни экспорт қилсаккина ривожланган давлатлар қаторидан жой оламиз ва халқаро майдонда рақобатбардошлигимиз бирмунча ошади. Булардан кўриниб турибдики, бизга инновация сув билан ҳаво сингари керак экан. Буни қандай амалга ошириш масаласи ҳам жуда катта ва мураккаб ташкилий-иқтисодий тадбирларни амалга оширишни талаб қилади.

Маълумки, олий ўқув юртларининг асосий вазифаси ўқув билан шуғулланишга қаратилган. Аммо энди улар фақат назария билан чегараланиб қолмасдан, балки технологияларни яратадиган илмий-тадқиқотлар билан ҳам шуғулланишлари керак бўлмоқда. Бунинг учун мамлакатимизда жуда яхши шароит ва йўналиш яратилди. Бугунги кунда инновацион ғоя ва ишланмаларни тижоратлиштириш масаласи устувор вазифалар сифатида қаралмоқда. Бу эса, ўз навбатида, назарияни амалиёт билан, амалиётни ўқув жараёни билан чамбарчас боғлиқликда олиб боришни тақозо қилади. Бу пировардида  иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларига инновацияни жорий қилишни талаб этади.

Навбатдаги босқичда инновацион ғоялар асосида яратилган  технологияларни амалиётга жорий қилишнишини таъминлашга қаратилмоғи лозим. Фан иккита, назарий ва амалий йўналишда бўллганлиги туфайли бирортасини инкор қилиб бўлмайди. Интеллектуал салоҳиятни ошириш учун назаия зарур, иқтисодиётни ривожлантириш учун амалиётга тадбиқ этиш лозимлигини тақозо қилади. Ушбу илмий йўналишларнинг бирортасини устун ёки иккинчи даражали қилиб бўлмайди. Инновацияда ҳам назарий, ҳам амалий билимлар мужассам бўлмоғи лозим. Яна бир муҳим жиҳат, назария билан амалиёт ўз-ўзидан бирлашиб қолиши жуда мураккаб. Бунга эришиш учун назарияни синаб кўрадиган, барча соҳаларда тажриба майдони бўлиши керак.

Шу вақтга қадар фақат эришилган мувоффақиятларни ўргандик, улар ҳақида ёздик ва гапириб келдик. Тараққий этиш учун эришилмасдан қолган мағлубиятларимиз, уларнинг сабаблари хусусида ҳам кўп гапиришимиз, таҳлил қилишимиз кераклигини бугунги ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Мувоффақиятлар билан бирга камчиликларимизни ҳам изчиллик билан ўрганиб боришимиз лозим. Камчиликларни шунчаки эътироф этмасдан, уни қандай қилиб бартараф қилиш ҳақида кўпроқ бош қотиришга тўғри келмоқда.

Ўқиш жараёни фақат китоб бўлиб қолса ҳам, ёки фақат амалий кўникма билан чегараланиб қолинса ҳам бўлмайди. Уларни биргаликда олиб бориш керак. Ҳозир одамлар интернетдан ахборот излайди. Демак фанни ҳам шулар ўқийдиган даражада интернетга жойлаштириш масаласини кўриш вақти ҳам келганга ўхшайди.

Иқтидорли болалар дунё бўйича, умумий болаларнинг 8-10 %ни ташкил қилади. Ана шулар инновацияни яратади. Аммо уларни топиш, табиялаш ва юқори чўққигача эътибордан чиқармаслик масаласи ҳар бир миллат ва давлат учун муҳимдир. Одатда иқтидорли болалар маълум босқичда у ғолиб бўлиб, иқтидорини номоён қилади. Аммо унинг иқтидорини яна давом эттиришга унда шароит бўлмаса, шу ҳолатда қолиб кетаверади. Ривожланишни мақсад қилагн давлат иқтидорли ёшларини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Улар ёшлигидан аниқланиши ва маълум манзилгача, ота-онасининг кимлигидан қатъий назар, давлат эътиборида бўлишлиги лозим.

Инновацияни болалларга ёшликдан ўргатиш керак. Буни оддий йўллар билан ҳам сингдириш мумкин экан. Буни бир оддий мисолда кўришимиз мумкин. Хитойда ёш болаларни газета сотишга жалб қилибди. Ҳамма болалар бу ишга шўнғиб кетибди. Улардан бири жуда самарали йўлини топибди. Ҳар куни газета ўқийдиган одамларни кузатиб, билиб олибди. У газетани олган зоҳати барча газета ўқийдиганларга зудлик билан тарқатибди. Улардан пулини кейинроқ тўплаб олибди. Газета ўқувчиларга ким олиб келишидан қатъий назар, уларга газета бўлса бас. Шу тариқа ушбу бола жуда катта муваффақиятга эришибди. Бундан ҳам кўриниб турибдики, инновация фақат ишлаб чиқаришга, ёки илғор технологияларни яратишга эмас, балки ҳаётимизнинг ҳамма жабҳасига тадбиқ қилиш лозим экан.

Ҳозир мамлакатимизда индустриал иқтисодиётдан интеллектуал (билимлар) иқтисодиётига ўтилмоқда. Муаммо: индустриал иқтисодиёт маҳсулотнинг ўзига яраша баҳоси ва бозори бор, аммо интеллектуал иқтисодиёт маҳсулотининг баҳоси аниқ белгиланган эмас ва унинг бозори ҳам шаклланган эмас. Энди тасаввур қилинг,баҳоси ва бозори йўқ интеллектуал мулкни қандай қилиб тижоратлаштириш мумкин?. Бу ҳам, бугунги кунда ўз ечимини кутаётган жуда катта муаммо. Булардан ҳам кўриниб турибдики, интеллектуал (билимлар) иқтисодиётини шакллантириш шунчаки, оддий иш эмас. Бу борада махсус ташкил қилинган Инновация вазирлиги шуғулланмоғи лозим. Мазкур вазирлик томонидан жуда катта ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилишни тақозо қилади. Бу борада анча ишлар қилинмоқда. Аммо ҳозирча инновацияни излайдиган одамлар йўқ. Бунга эҳтиёж бўлсагина улар излайди. Демак,шу эҳтиёжнинг борлигини ҳамма хўжалик юритувчи субъектларга етказишни тақозо қилади.

Юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш учун интеллектуал мулкнинг ҳақиқий бозори бўлиши керак. Мана, оддий деҳқон бозорига борсангиз, уни кўриб, нархини суриштириб, кейин танлаб оласиз. Интеллектуал мулк ҳали қоғозда бўлса, товар кўринишига эга бўлмаса, истеъмолчи қандай танлаб олади. Шу туфайли бу ерда ҳам назарияни амалиётга жорий қилишни кўрсатадиган тажриба майдони ва унинг натижаси нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида тегишли маълумотлар бўлиши лозимдир. Бу жараённи амалга ошириш механизмлари ҳам ҳамон ишлаб чиқилмаган.

Ҳар қандай мустақил ўзини билган давлат бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган моддий ва интеллектуал бойликларнинг истеъмолчиси бўлиб қолмаслигикерак. Иқтисодиётни ривожлантиришда биринчи босқичда, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётига бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган технологияларини жорий қилиш эвазига ривожланиш мумкин. Ҳозир ушбу босқични бошимиздан кечирмоқдамиз. Аммо, иккинчи босқичда, ўзимизга зарур бўлган юқори технологияларни ўзимизда яратишимиз, ўзимизни ўзимиз ушбу технологиялар билан тўлиқ таъминлашимиз лозим. Учинчи босқичда, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори технологияларни сотиш ва экспорт қилиш билан шуғуллансакгинадавлатимиз жаҳон давлатилари миқёсида юксак мувоффақиятга эришади. Яна битта масала давлатнинг ташқи қарздорлиги мамлакат ЯИМга нисбатан 50-60 % бўлса етарли экан. Ушбу меъёрдан келиб чиқиб, фаолиятни ташкил қилиш мумкин.

Фойдага эришишнинг жаҳонда тан олинган 2 та йўли мавжуд: биринчиси харажатларни тежаш ва иккинчиси даромадларни кўпайтириш эвазига амалга оширилади. Қайси йўл маъқуллигини ҳар бир давлат ва тадбиркор ўзи танлаши лозим. Айрим ҳолларда шундай бўладики, харажатлар тежамкорлигига катта аҳамият қаратилиб, маҳсулотларнинг (иш, хизматларнинг) сифати пасайиб кетади ва оқибатда уларнинг сотилишида муаммолар пайдо бўлади. Бундай ҳолда тежамкорлик, хўжалик юритувчи субъектларга унчалик наф келтирмайди. Айримлари кўпроқ даромад қилиш ниятида маҳсулотнинг (иш, хизматнинг) баҳосини оширишга ҳаракат қилади. Бу механизм ҳам ҳозирги рақобат шароитида юқори самара бермайди. Шу туфайли бугунги тадбиркор жуда ҳушёр бўлиши, барча омилларни (харажатлар тежамкорликги, даромадларни кўпайтириш истаги кабилар) биргаликда олиб боришига тўғри келмоқда.

Хуллас, инновацион иқтисодиётнинг шаклланиши нималар эвазига амалга оширилади ва у кимга керак, деган саволга жавоб, шундайки, уни шакллантиришнинг асосий кучи инсонларда, унинг кимга кераклиги ҳам аниқ: давлатга корхоналарга, ҳамма инсонларга керак экан.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтипрофессори,

иқтисодиёт фанлари доктори, “Турон” фанлар академияси академиги

(“Туркистон-пресс”).