2018-09-05 16:58:06

СПОРТЧИЛАРИМИЗ ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА МУВАФФАҚИЯТЛИ ИШТИРОК ЭТДИ

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинларида спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан Осиё ўйинларига жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилди. Буларнинг барчаси ватанимизнинг қитъа миқёсидаги обрўсини ошириш, Ўзбекистон нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилди.

Мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманларида бир савол ОАВ ходимлари томонидан такрор ва такрор бериларди: «Спортчиларимиз нечта медаль қўлга кирита оладилар?». Аммо, МОҚ вакиллари бу борада ўз башоратларини маълум қилмагандилар. Ана энди Осиё ўйинлари якунини эътиборингизга ҳавола этадиган вақт етиб келди.

– Осиё ўйинларида юртимиз шарафини 30та спорт турида 234 нафар спортчи ҳимоя қилди

– Спортчиларимиз томонидан 70та медаль қўлга киритилди: 21та олтин, 24та кумуш ва 25та бронза

– Икки нафар ўзбек спортчиси мусобақада рекорд ўрнатди

-Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сифати бўйича 45 мамлакат ичида умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади

Медаллар сифати ва сони бўйича биз барча рекордларни янгиладик ва Индонезиядаги Осиё ўйинлари Ўзбекистон учун тарихдаги энг яхшиси бўлиб қолди.

Яна бир эътиборли жиҳати, кучли тўққизликдан ўрин олган терма жамоалар ичида энг кам делегация билан қатнашган мамлакат ҳам айнан Ўзбекистон терма жамоаси бўлди. Демак, спортчиларимиз маҳсулдорлик бўйича ҳам энг яхши кўрсаткични қайд эта олишди.

 “Туркистон-пресс”