2018-09-07 13:16:25

ХАРТУМ КОНИ ИСТИҚБОЛЛИ НАТИЖАЛАР БЕРМОҚДА

Мустақилликнинг 27 йиллиги арафасида Андижон вилоятида жойлашган Хартум конидаги 83-сонли қудуқдан нефт қазиб олиш бошланди. Ушбу қудуқнинг нефт дебити кунига 30 куб метрни ташкил қилмоқда.  Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу қудуқ замонавий технологияларни қўллаш ёрдамида бурғиланган бўлиб, уларинг ёрдамида нефт ва газ қудуқларини бурғилаш жараёни тез ва сифатли амалга оширилмоқда.

Таққослайдиган бўлсак, 82-сонли қудуқнинг қурилиши 2006-2007 йилларда 18 ой давом этган бўлса, юқори технологияларни жорий  этиш ва қўллаш натижасида бурғиланган 83-сонли қудуқ учун бор йўғи 3 ой сарфланган. Бу қурилиш жараёнининг 600% тезлашгани демакдир.

Бундай натижага эришишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC компанияси ва Хитойнинг Xibu компанияси мутахассисларининг биргаликда олиб борган назорати ва амалга оширган ҳаракатларининг ҳиссаси катта.

Яқин келажакда қўшимча 3-4 қудуқнинг бурғиланиши кўзланган. Ундан мақсад, палеоген ётқизиғининг 8-қатламидан нефтни қазиб олишни кўпайтириш ҳамда 4300 метргача чуқурликда жойлашган газли қатламларни баҳолаш учун яна бир қудуқни бурғилашдир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керак, Мустақиллик байрамини нишонлаш муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Андижон вилоятида жойлашган болалар уйига совғалар тақдим этди. Ушбу гўша тўрт ёшгача бўлган 53 нафар болани ўз бағрига олган. Бундан ташқари, байрам кунлари Андижондаги маҳаллалардан бирида 250 кишига мўлжалланган анъанавий байрамона ош қилинди.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”