2018-09-07 13:25:57

КАТТАҚЎРҒОН ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР ЙЎЛИДА ДАДИЛ ОДИМЛАМОҚДА

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Каттақўрғон  туманига бир гуруҳ маҳаллий журналистлар ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди.  Улар туман ҳокимлиги томонидан пресс-тур асосида жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

 Жумладан, улар  туманда янгидан барпо этилаётган  чорва комплекси, Хитой технологияси асосида қурилаётган иссиқхоналар, ғишт заводлари, пиллачиликка ихтисослаштирилган “Кумуш тола” хусусий корхонаси каби бир қатор меҳнат жамоаларида бўлишди.

Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов журналистларга туманнинг бугунги қайноқ ҳаёти ҳақида гапириб берди.

Бугун туманда ўз маҳсулотларини экспорт чиқарувчи  корхоналар 11 тани ташкил этади. Улар томонидан йил бошидан буён 4 миллион 988 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Эътиборлиси,  ушбу корхоналардан тўрттасининг жорий йил май ойидан фаолият кўрсата бошлагани ва уларнинг экспортдаги улуши 3 миллион 500 минг АҚШ долларини ташкил этаётганидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида туманда  аҳоли бандлигига кўмаклашиш  давлат дастури ва бошқа манбаларга кўра  5300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1300 нафардан ортиқ ишсиз фуқаро ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди, демакдир. Ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қуватлаш борасида ҳам бир қатор ишлар бажарилган. Жумладан, 2018 йилнинг ўтган даврида 16 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга уй-жой сотиб олиш учун  бошланғич бадаллар тўлаб берилди. 70 нафар фуқаро маиший техникалар билан таъминланди. 25 нафар фуқарога уй-жойини таъмирлаш учун моддий ёрдам кўрсатилди. 6 нафар беморга мураккаб тиббий амалиёт кўрсатилиши учун ҳомийлик ёрдами ташкил этилди.

 —Корхонамизнинг модернизация дастури асосида техник жиҳатдан янгиланиши ишлаб чиқариш қувватимизни 2 бараварга ошириш имконият яратди, — деди тумандаги “Кумуш тола” хусусий корхонаси раҳбари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Марям Ниёзова. — Ушбу дастур доирасида 2017 йилнинг декабрь ойида Хитой давлатидан 124 минг АҚШ доллари ҳисобига инвестиция киритилиб, ипак йигириш линияси ўрнатилди. Бу туманимизда саноатнинг ривожланиши, иш ўринларининг ортишидан муҳим қадам бўлди.

 Аввал корхонамизда 60 нафар ишчи ишлаган бўлса, модернизациядан сўнг улар сони 100 нафардан ошди. Яна бир эътиборли жиҳат: биз мавсумий ишчиларни жалб этмаймиз. Барча ишчиларимиз доимий, йил мобайнида ишлашади. Корхонамизнинг техник жиҳатдан янгиланаётганлиги, ишлаб чиқаришда инновацион технологияларнинг қўлланилаётганлигида яққол кўзга ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги Фармони  ва “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги қарори асосида туманда  бажарилаётганг кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари ҳам барчанинг эътиборини тортди.

Тумандаги   Каттаминг маҳалла фуқаролар йиғинининг Каттаминг ва Қоракўлча маҳалла фуқаролар йиғинининг Қоракўлча қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастури асосида комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу қишлоқлардаги тиббиёт муассасалари замонавий лаборатория ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Тадбиркорлар томонидан Каттаминг ва Қоракўлчада 9 та аҳолига сервис хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этиляпти.

Дастур доирасида ушбу ҳудудларда амалга оширилиши назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан Каттаминг қишлоғига 7424,83 миллион сўм, Қоракўлча қишлоғига 9136 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Бугун  Каттақўрғонда ана шундай ҳавас қиларли даражадаги ишлар амалга оширилмоқда. Маҳала фаоллари, тадбиркорлар  эзгу ҳаракатларда барчага ибрат бўлишмоқда.

Актамжон БЕРДОНОВ.

“Туркистон-пресс”