2018-09-07 13:28:16

ТИББИЁТДА АМАЛИЙ ИШЛАР САМАРАСИ

— Ҳозирги кунда бирлашмамизга қарашли тиббиёт муассасаларида 262 нафар врач, 1200 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари ишлайди, — дейди Тайлоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Гулнора Рустамова. — Врачларнинг 107 нафари, ўрта тиббиёт ходимларининг 406 нафари малака тоифасига эга.

Туманда мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 19 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  асосида бир қатор ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Энг аввало, туман марказий шифохонаси ва кўптармоқли поликлиниканинг инвестиция дастури асосида реконструкция қилинганлигини айтиб ўтиш жоиз. Ҳовлидаги саранжом-саришталик, бўлимлардаги орасталик, жиҳозларнинг жой-жойига қўйилганига ҳавас қиласан.

Тумандаги мавжуд  22 та қишлоқ врачлик пунктларидан 7 таси оптималлаштирилган. Бунинг натижасида  2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилибди.  Узоқ ҳудудлардаги 6 та қишлоқ врачлик пунктлари эса сақлаб қолинган.

Айни пайтда туманда 1220 қатнов қувватига эга 9 та бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари мавжуд. 2018 йилда  инвестиция дастури асосида  Украч қишлоқ оилавий поликлиникасига 800 миллион сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Обод қишлоқ” дастури асосида Бахшитепа ва Адас қишлоқ тиббиёт муассасаларида 830 миллион сўм ҳажмидаги қурилиш ишлари амалга оширилаяпти.

Биламизки, кадрлар  салоҳиятини ошириш аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашда энг муҳим омилдир. Шу сабаб ҳам заҳира кадрлар тайёрлашга эҳтиёж ортиб бормоқда. Тайлоқда ҳам шундай. Айниқса, бу ерда  нефролог,  гематолог, болалар невропатологи, болалар психиатри, болалар офтолмотологи, анестезолог-реаниматолог, логопед, терапевт, умумий амалий шифокорлари  каби тор мутахасассисликларга эҳтиёж катта. Маъмурият раҳбарияти эса бу масалани ҳал этиш учун биринчи галда маҳаллий кадрларни ишга жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Тайлоқ вилоят маразига жуда яқин жойлашган. Бу эса кўпгина кадрларнинг шаҳарда касалхоналарга ишга жойлашиш истагини кучайтиради. Туман тиббиёт бирлашмасида эса ишга жалб этилаётган ёш кадрларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга эътибор кучайтирилаяпти.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун маъсулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги ишлар билан қизиқдик. Маълум бўлишича, бу борада бажарилаётган ишлар кўлами ҳам кенг экан. Масалан, поликлиникада электрон навбатни йўлга қўйиш учун “Саломатлик-3” дастури асосида режали ишлар амалга оширилмоқда. Кўп тармоқли марказий поликлиника ходимлари фаолиятини рейтинг асосида баҳолашга ўтилган.

Ҳар ҳафтанинг бир куни патронаж куни деб эълон қилинган. Туман ҳудудидаги барча оилалар тиббиёт бирлашмаси ва унинг жойлардаги муассасалари билан бемалол боғланиш имкониятига эга. Аҳоли тиббиёт бирлашмаси бошлиғи  ёки унинг ўринбосарлари билан телефон орқали мулоқот қилиши мумкин.

Бирлашма раҳбари маъмурият томонидан тез тиббий ёрдам бригадалари билан қай даражада иш олиб борилаётгани ҳақида ҳам гапириб берди. Жойларда бўлганимизда шифокорларнинг чақириқларга ўз вақтида етиб келаётгани, малакали тез тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, таъмагирлик каби хунук холатларга чек қўйилгани ҳақида  одамлар томонидан сўз юритилди. Улар бу борада шифокорлардан мамнунлигини изҳор этишди.

—Бироқ, бу соҳада хали қилиниши лозим бўлган ишлар кўп, — дейди бирлашма бошлиғи. — Бу каби муаммоларни бутунлай бартараф этиш учун раҳбар ходимларнинг тез тиббий ёрдам бригадалари билан биргаликда чақириқларга чиқиб, кўрсатилаётган тиббий ёрдам билан танишиши йўлга қўйилди. Аҳоли билан учрашиб, уларнинг фикрини ўрганиш эса тизимдаги айрим  салбий холатларни ўз вақтида аниқлашга, уларни тезда бартараф қилишга ёрдам бермоқда.

Туманда тез тиббий ёрдам врачлари томонидан даволаш-диагностика стандартларига амал қилган ҳолда малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётганлиги бўйича кундалик назорат ўрнатилгани ҳам қувончли ҳол. Чақириқларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш бўйича чақириқлар амалга оширилган хонадонларга ташриф буюрилиб, сўровлар асосида текширилмоқда. Қисқаси, Тайлоқда тиббиётдаги ислоҳотларга жадал киришилган. Бундай эзгу ишдан бирор  бир тиббиёт ходимининг четда қолмасликка ҳаракат қилаётгани  янада қувончлидир.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”